Янги механизм: Дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш йўлга қўйилади
2025-09-14 09:00:00 / Янгиликлар

Тизим қай тартибда ишлайди?
Тиббиёт ходимлари томонидан бемор маълумотлари тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимига киритилади ҳамда автоматик тарзда “Электрон тиббий карта” модулига узатилади.
Беморга дори воситалари мазкур тиббий ахборот тизимида электрон рецепт расмийлаштириш орқали тайинланади. Электрон рецептга оид барча маълумотлар беморнинг электрон тиббий картасида автоматик қайд этиб борилади.
Электрон рецепт қандай тасдиқланади?
Рецепт даволовчи шифокор томонидан электрон тасдиқлаш усулларида тасдиқланиб, QR код автоматик тарзда қўйилади.
Бунда электрон рецептга оид зарур маълумотлар автоматик тартибда “Электрон рецепт” модулига узатилади ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизимига интеграция қилинган дорихоналарда электрон шаклда кўринади.
Дорилар кимларга берилади?
Шу ўринда муҳим талаб: электрон рецепт асосида тайинланадиган дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Дорихонанинг фармацевт маълумотига эга ходими беморга ёки беморнинг қонуний вакилига электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини қабул қилиш вақтини дори воситасининг қадоғига белгилаган ҳолда беради ва электрон рецептнинг дорихонага тааллуқли бўлган қисмини тўлдиради (дори воситасининг номи, яроқлилик муддати ва серияси, партия рақами берилган дори воситасига мос бўлиши керак).
Шифокорларга ўзлари томонидан беморга электрон рецепт асосида тайинланган ва чакана реализация қилинган дори воситалари ҳаракатини кузатиб бориш имконияти яратилади.
Қайси ҳолатларда электрон рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади?
беморнинг амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига;
наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.
Назоратни ким олиб боради?
Электрон рецептнинг тиббиёт ташкилотларида тўғри юритилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, унинг дорихоналарда қўлланилиши Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан назорат қилинади.
Истисно ҳолатлар борми?
Мазкур Низом алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақловчи дори воситалари муомаласига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бу тизимнинг афзаллиги нимада?
Ушбу янги тизим рақобат муҳитини яратиб, шифокорлар томонидан кераксиз дори-дармонлар ёзиб берилиши, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмаган ва айланма йўллар орқали юртимизга кириб келаётган дори воситалари сотилишининг олдини олади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
