Республика дерматовенерология марказининг Самарқанд филиали халқаро сертификатга эга бўлди
2025-09-09 18:10:00 / Янгиликлар

Ушбу эътироф филиалда кўрсатилаётган тиббий хизматлар халқаро стандартларга жавоб беришидан далолат бериб, бу ерда янги диагностика ва даволаш усулларини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Халқаро ташкилот вакиллари Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Сабиров билан мулоқотда ҳудудда тиббиёт соҳасини такомиллаштириш, тизимда инновацион технологияларни жорий этиш, даволаш муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларга юқори баҳо берди.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича аккредитация маркази (ACQH) 2018 йилда рўйхатга олинган. ISQua (International Society for Quality in Health Care) томонидан тўрт маротаба аккредитациядан ўтган ва учта соҳада тан олинган. У саломатликни сақлаш тизимида сифат ва хавфсизликни оширишга йўналтирилган халқаро аккредитация органи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази ўтган йили халқаро аккредитациядан ўтказилган ҳамда муассасага ISO 9001:2015 ҳамда ISO 7101:2023 халқаро сифат стандартларини жорий этганлиги муносабати билан махсус сертификатлар топширилган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати


