Самарқандда кореялик шифокорлар иштирокида тиббий акция ўтказилди
2025-08-18 19:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, унинг доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида дастлаб отоларингология бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Сўнгра 62 нафар беморга тегишли текширувлар якунида зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Физиотерапия бўлимида 26 нафар, жарроҳлик бўлимида эса 24 нафар бемор қабул қилинди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 150 нафардан ортиқ аҳоли вакили кўрикдан ўтказилиб, уларга дори-дармон ва совғалар тарқатилди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида эса кореялик мутахассислар иккита жарроҳлик амалиётида қатнашди ва 20 нафардан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир давомида меҳмонлар билан ўзаро тажриба алмашилди. Беморлар кўрсатилган тиббий ёрдам учун кореялик шифокорларга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Ташриф якунида томонлар ўртасида ҳамкорликни давом эттириш бўйича меморандум имзоланди.


