CCВ: Республика аллергология марказининг референс-лабораторияси янги имкониятларга эга бўлди
2025-08-13 15:25:00 / Янгиликлар

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида сўнгги бир йил ичида 30 дан ортиқ, вилоятларда 10 дан зиёд, туман шифохоналарида 10 га яқин турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилди.
Шунингдек, марказ ўз фаолиятини халқаро стандартларга уйғунлаштиришга эришди. Натижада жорий йил май ойида унга ISO 9001:2015 ҳамда ISO 7101:2023 халқаро сифат сертификатлари топширилди.
Табиийки, бунда муассасада ташкил этилган замонавий референс-лабораториянинг ҳиссаси катта. Бу лойиҳанинг қиймати қарийб 1,5 миллион АҚШ долларига тенг.
Мазкур грант маблағи 2021 йил 11 декабрь куни имзоланган тегишли меморандум асосида Ҳиндистон давлати томонидан ажратилди.
Шу аснода қисқа муддатда бу ерга автоматик биокимёвий ва гематология анализаторлари, коагулометр, эритроцитларнинг чўкиш тезлигини аниқловчи ҳамда центрифуга аппаратлари, термостат каби илғор қурилмалар, жиҳозлар келтириб ўрнатилди.
Пировардида марказда қисқа муддатда илғор усулдаги қатор молекуляр аллергологик ташхисот усуллари йўлга қўйилди.
Масалан, биргина “ALEX” ташхис усули бемор қонидаги салкам 300 та аллергенга сезувчанликни молекуляр оқсил даражасида аниқлаш имконини беради.
“PROTIA Allerqy-Q 96” технологияси орқали эса 90 турдаги махсус аллергенларни бир вақтнинг ўзида текшириш мумкин.
Қолаверса, "Thermo Fisher Scientific" компаниясининг “Phadia 200” автомат анализатори бир вақтнинг ўзида 100 га яқин аллергенларнинг молекуласини аниқлай олади. Бу технология аллергик касалликлар диагностикасида халқаро даражадаги "олтин стандарт"га тўлиқ жавоб берувчи ягона мослама ҳисобланади.
Куни кеча Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант бошчилигидаги делегация иштироида мазкур замонавий референс-лабораториянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.



