Жазирама давом этади: Бундай ҳавода қандай таомланиш керак?
2025-07-22 09:30:00 / Янгиликлар

Хўш, шундай экан, саратонда қандай таомланиш керак?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экологик дипломатия бўлими бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.
— Жазирама ҳавода, асосан, кексалар, ҳомиладорлар, ёш болалар сувсизланиш, иссиқликдан чарчаш ва иссиқ уриши каби ҳолатларга мойил бўладилар, — дейди мутахассис. — Шу сабабли, энг аввало, уларнинг етарли миқдорда сув ичиши ва енгил таомлар истеъмол қилишига эътибор бериш керак. Қолаверса, ҳаво ўта иссиқ бўлган кунлари организм сувсизланишининг олдини олиш учун кун давомида, ҳатто, чанқоқ ҳис қилинмаса ҳам суюқлик ичиш муҳим.
Умумий тавсияларга кўра, жазирама кунларда кунига ўртача 2,5-3 литр суюқлик ичиш лозим. Бироқ жисмоний фаоллик ва ҳаво ҳароратига қараб бу миқдор ошиши мумкин. Кўчага чиққанда доимо сув олиб юриш керак.
Оддий тоза сув энг яхши ичимлик ҳисобланади. Муздек сув ўрнига хона ҳароратидаги ёки бироз салқин сувни ичиш афзалроқ. 36-37 даражали сув организмда метаболизм ва ичак фаолиятини яхшилайди.
Шакарсиз кўк чой чанқоқни бошқа ичимликларга қараганда яхшироқ босади. Шунингдек, гиёҳли чойлар (ялпиз, мойчечак), нордон мевалардан (олча, олма, қорағат, клюква) тайёрланган шакарсиз компотлар (морс), айрон, кефир ва лимон қўшилган сув ҳам фойдалидир. Бу ичимликлар организмни минерал моддалар ва витаминлар билан таъминлайди.
Таркибида сув миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, масалан, бодринг, тарвуз, қовун гидратацияга ҳисса қўшади. Сут таркибидаги электролитлар туфайли фойдали бўлиши мумкин.
Аммо жазирамада баъзи ичимликларни истеъмол қилишдан сақланиш лозим. Чунки улар нафақат чанқоқни босмайди, балки сувсизланишни кучайтириши ҳам мумкин.
Буларга:
таркибида шакар миқдори юқори бўлган, газланган ичимликлар, қадоқланган шарбатлар;
алкоголь ичимликлар;
кофеин миқдори юқори бўлган ичимликлар (кофе, баъзи чой турлари, энергетиклар);
ўта совуқ (муздек) ичимликлар киради.
Бундан ташқари, ўта иссиқ кунларда енгил ҳазм бўладиган таомларни кичикроқ порцияларда ва тез-тез истеъмол қилиш тавсия этилади. Таркибида сув миқдори юқори бўлган мева ва сабзавотларга (тарвуз, қовун, бодринг, селдерей) кўпроқ эътибор қаратиш лозим.
Салатлар, қатиқли овқатлар (масалан, окрошка) ва совуқ шўрва каби салқин таомлар ҳам фойдали. Терлаш орқали йўқотилган тузнинг ўрнини босиш учун бироз тузли таомлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лекин қайта ишланган ва ўта шўр маҳсулотлардан сақланиш керак.
Овқат ҳазм қилиш жараёнининг ўзи организмда иссиқлик ишлаб чиқаради. Шу сабабли, жазирамада ҳазм бўлиши қийин бўлган оғир таомлардан сақланиш тананинг ички ҳароратини паст ҳолда сақлашга ёрдам беради.
Оғир, ёғли ва оқсилга бой таомлар (айниқса қизил гўшт)ни чеклаш тавсия этилади. Чунки уларни ҳазм қилиш кўпроқ метаболик иссиқлик ишлаб чиқаради. Балиқ ва сабзавотли оқсиллар енгилроқ вариант ҳисобланади.
Ширинликлар ва хамирли овқатлар ҳолсизлик ҳамда чанқоқ ҳиссини кучайтириши мумкин. Шунингдек, жазирамада чанқатадиган маҳсулотлар, масалан, ўта шўр ёки дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, консервалар истеъмолини камайтириш мақсадга мувофиқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
