ССВ: Клиник ординатура (резидентура) ва интернатурага ҳужжат топшириш ҳамда танлов ўтказиш тизими тўлиқ ўзгарди
2025-07-21 17:35:00 / Янгиликлар

Тиббиёт кадрларини шифокорлик мутахассисликлари бўйича клиник ординатура (резидентура) ва интернатурага ўқишга қабул қилиш учун ҳужжат топшириш ҳамда танлов ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Ушбу тартибга асосан:
клиник ординатура (резидентура) ва интернатура мутахассислигига мос равишда тегишли бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқланди;
тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, клиник ординаторларни ўқитиш ваколати берилган етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура (резидентура)га ўқишга кириш учун талабгор томонидан топшириладиган ҳужжатлар фақат электрон шаклда Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказининг medtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали қабул комиссияси масъул котиблари томонидан қабул қилиниши;
талабгорнинг клиник ординатура (резидентура) ва интернатурага кириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта муассасада танловда қатнашишининг тақиқланиши;
ҳужжатлар ахборот тизими орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкинлиги;
талабгорларнинг ҳужжатлари оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилинган кундан бошлаб, жорий йилнинг 21 август куни соат 23:59 га қадар қабул қилиниши белгиланди.
Бунда, қабул комиссияси масъул котиблари томонидан бир иш куни давомида талабгорга ахборот тизими орқали танловга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида асослантирилган СМС-хабарнома юборилади.
Танлов жараёнлари компьютер-тест синовлари шаклида Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Тест вариантлари тафсилотлари ва фойдаланиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати тест синови ўтказилишидан камида 10 кун олдин Марказнинг tmbm.ssv.uz сайтида эълон қилинади.
Тест синовининг очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш учун тест-синови жараёни Марказнинг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилинади ҳамда аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
