ССВ: Нейрохирургия марказида робот-ассистент ёрдамида ноёб операциялар ўтказилди
2025-07-10 09:00:00 / Янгиликлар

Инсоннинг ушбу мураккаб аъзоси 100 миллиард нейрон ва триллион ҳужайрадан ташкил топган. Бу маълумотлар марказий асаб тизими касалликлари муолажасида мияга тиғ теккизиш нақадар мураккаб амалиёт эканлигини англатади.
— Муассасамиз болалар ва катталарда учрайдиган нейрохирургик касалликларни диагностика қилиш ва даволаш билан шуғулланади, — дейди Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Кариев.
— 130 ўринга мўлжалланган шифо масканимизда қон томирлари, болалар, орқа ва бош мия нейрохирургияси, периферик нервлар патологияси ва реабилитацияси, нейроонкология, шошилинч нейрохирургия каби бўлимлар фаолият юритмоқда. Ҳудудларда 13 та филиалимиз ташкил этилган.
Бу ерда шу йил биринчи ярмида жами 1,2 мингга яқин операция ўтказилди. Шундан қарийб 770 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётидир. Қолаверса, қатор ноёб ва мураккаб муолажа усуллари илк бор қўлланилди.
Хусусан, робот-ассистент ва навигация тизими ёрдамида бош миянинг чуқур жойлашган ҳамда етиб бориш қийин бўлган ўсмалари олиб ташланди.
Оғир шаклдаги фармакорезистент эпилепсиясини аниқлаш ва касаллик ўчоғини бартараф этишда ҳам робот-ассистентдан фойдаланилди.
Мисол учун, шундай ноёб амалиётлардан бири 6 ойлик чақалоқда бажарилди. Жажжи бемор икки ойлигидан бошлаб доимий тутқаноқ хуружларидан азият чекиб келган. Бу ҳолат такрорланавергач, сўнгги пайтларда хушини йўқотган.
Тиббий амалиётда ўта мураккаб ва хавфли ҳисобланган ноёб операция муваффақиятли ўтказилди. Тутқаноқ хуружлари тўхтади. Чақалоқ соғлом ҳаётга қайтди.
Янги даволаш ва диагностика усулларини ўзлаштиришда Болалар нейрохирурглари жамияти, Хитой, Япония, Беларусь, Қозоғистон сингари давлатларнинг етакчи нейрохирурглари билан ҳамкорлик алоқалари қўл келди.
Айни пайтда марказнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Бу эса тиббиётнинг ушбу йўналишини янада ривожлантириш ва ихтисослашган хизматни аҳолига янада яқинлаштириш имконини беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
