26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
2025-06-26 09:15:00 / Янгиликлар

Гиёҳвандлик жамият учун жиддий муаммо, ҳар бир гиёҳванд, унинг оиласи ва яқинлари учун ҳақиқий фожиадир.
Афсуски, бугун дунёда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони ортиб бормоқда. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан эълон қилинган “Наркотиклар бўйича 2024 йилги Жаҳон доклади”га кўра, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 2022 йилда 292 миллионга етган, бу эса 10 йил ичида 20 фоизга ўсиш бўлди дегани.
Наркомания глобал эпидемия даражасига етиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўлим даражаси бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. ЖССТга кўра, ҳар йили 450 минг нафарга яқин одам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш туфайли вафот этади.
Гиёҳвандлик нафақат саломатликка, балки иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатларга ҳам жиддий зарар етказади. У бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган глобал офат бўлиб, ҳар қандай жамият учун хавфлидир.
Шу туфайли ҳам юртимизда психиатрия ва наркология хизматини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимизда психиатрия, наркология, тиббий психология ва психотерапия хизмати тўлиқ трансформация қилиниб, ушбу йўналишда яхлит вертикал бошқарув тизими жорий этилди.
Бунда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, хизмат кўрсатиш кўлами туманлар ва олис қишлоқлар даражасигача туширилди.
— Муассасамизда ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди, — дейди мазкур марказ директори Зарифжон Ашуров. — Бу йўналишларда юқори технологик моддий база ҳамда илмий мактаб шакллантирилмоқда.
Қолаверса, ҳудудлардаги руҳий ва наркология касалликлари шифохоналари ҳамда диспансерлари марказнинг ҳудудий ташкилий-методик бўлинмалари этиб белгиланди.
Натижада, сўнгги йилларда мамлакатимизда наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш, уларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Илк бор қарийб 120 нафар соҳа мутахассислари илғор хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Австрия, Франция, Португалия, Белгия, Италия, Швецария, Венгрия, Греция, Озарбайжонда амалий кўникма ва касбий маҳоратини оширди.
Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари 30 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Учта йўналиш бўйича жами 14 та даволаш ва ташхислаш протоколлари ишлаб чиқилди хамда амалиётга татбиқ қилинди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳани янада ривожлантириш ва аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилди. Унга кўра:
наркология хизмати бўйича барча ҳудудий филиалларда 6 ўриндан кам бўлмаган реанимация ҳамда 10 ўриндан кам бўлмаган тиббий-ижтимоий реабилитация бўлимлари ташкил этилди;
барча туман, шаҳарлардаги кўптармоқли марказий поликлиникалар таркибида 1 штат бирлигидан кам бўлмаган нарколог, марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ва психотерапевт лавозимлари жорий этилди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида психоактив моддалар истеъмол қилинишининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган профилактика тизими ишлаб чиқилиши бу соҳадаги дадил қадам бўлди.
Муҳими, гиёҳвандлик муаммосига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини камайтириш учун нафақат давлатлар, халқаро ташкилотлар, балки бутун жамият биргаликда ҳаракат қилиши ва бу ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
