Тиббиёт соҳасидаги янгиланишлардан кўзланган асосий мақсад-муддао нималардан иборат?
2025-06-19 16:00:00 / Янгиликлар

Бу жараёнда Президентнинг шу йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва унинг ижросига йўналтирилган қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Хўш, бу янгиланишлардан кўзланган асосий мақсад-муддао нималардан иборат?
Юқорида номлари келтирилган ҳужжатлардан келиб чиқиб, 2025 йил 1 июлдан республиканинг 15 та туман (шаҳар)ларида, 2026 йил 1 январдан бошлаб Самарқанд вилоятида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини йўлга қўйиш доирасида соҳани такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари белгиланди.
Биринчи мақсад — бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали оилавий поликлиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш.
Маълумки, бу борада халқаро миқёсда катта тажриба тўпланган бўлиб, ундан самарали фойдаланиш биз учун айни муддаодир.
Иккинчи мақсад — Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туман (шаҳар) даражасидаги бўлинмаси, оилавий поликлиникалар, марказий шифохонанинг вазифа ва функцияларини ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишда аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш.
Бу ниҳоятда муҳим. Қачонки, тузилмаларнинг функция ва вазифалари, аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланса, бу иш самарадорлигини таъминлашда қўл келади.
Учинчи мақсад — тиббиёт ходимлари билим ва малакасини ошириш, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш тизимини жорий қилиш.
Сир эмас, бугун ҳар қандай ислоҳот истиқболини билимли ва малакали кадрлар ҳал қилади. Шу маънода, бу масалага эътибор янада оширилаётгани айни муддаодир.
Тўртинчи мақсад — Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вертикал бошқарувида туман (шаҳар) бўғинини ислоҳ қилиш орқали ислоҳотларни жадаллаштириш ва мониторинг қилиш.
Буни энг тўғри ечим, деган бўлардик. Негаки, қуйи бўғин яхши ишласа, ислоҳотлар ўз-ўзидан жадаллашиб кетиши турган гап.
Бешинчи мақсад — аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қисқа муддатли чора-тадбирларни ўз ичига олган “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастурини амалга ошириш.
Бу дастурнинг ўзи кўплаб вазифаларни қамраб олган бўлиб, буларнинг барчаси пировардида соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Кўриниб турибдики, ҳозирги янгиланишлар жараёнида улкан мақсадлар кўзда тутилган. Уларнинг ҳаммасини бирлаштириб турган жиҳат эса одамлар розилигига эришиш. Ишонамизки, барча вазифалар муваффақиятли ижро қилинади ва халқимизнинг тиббиётдан розилиги янада ошади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


