CCВ: Республика аллергология ва клиник иммунология маркази ISO сертификатларига эга бўлди
2025-05-27 10:40:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда ўтказилган тадбирда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги тегишли қарори асосида аллергология соҳаси тўлиқ трансформация қилиниб, яхлит вертикал бошқарув тизими жорий этилди. Хизмат кўрсатиш қамрови туман даражасига туширилди.
Шу тариқа марказ ўз фаолиятини халқаро стандартларга уйғунлаштиришга эришди. Ўз навбатида, қўлга киритилган муваффақиятлар ва ижобий тажрибалар халқаро даражада эътибор ва эътироф қозонди.
Бунга эришиш эришиш учун марказда салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, муассаса жаҳон талабларига жавоб берадиган янги бинога кўчиб ўтди. Бу ерда 1,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги халқаро грант маблағи ҳисобига референс-лаборатория ишга туширилди.
Марказда сўнгги бир йил ичида 30 дан ортиқ, вилоятларда 10 дан зиёд, туман шифохоналарида 10 га яқин турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ этилди.
ISO 9001:2015 ҳамда ISO 7101:2023 халқаро сертификатлари муассасада кўрсатилаётган тиббий хизматлар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришидан далолат бериб, муассасанинг минтақадаги позициясини мустаҳкамлаш, илмий фаолиятни такомиллаштириш ҳамда янги диагностика ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.









