ССВ: Миллий клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш давом этмоқда
2025-05-15 11:15:00 / Янгиликлар

Яъни, абдоминал хирургия, акушерлик ва гинекология, аллергология, дерматовенерология, катталар ва болалар гематологияси, нефрология, ревматология, болалар травматологияси ва ортопедияси, юқумли касалликлар (шу жумладан, ОИВ/ОИТС)ни ташхислаш ва даволаш стандартлари халқаро меъёрлар ва замон талабига мос равишда янгиланди ҳамда эндиликда амалиётга жорий этилади.
Бу бўйича келтирилган тавсиялар юзасидан тиббиёт муассасаларида онлайн/офлайн ўқув семинарлари ва маҳорат дарслари ўтказилиб, вазирлик томонидан амалий-услубий ёрдам кўрсатилади.
Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тасдиқланган миллий клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларини барча тиббиёт муассасаларида амалиётга жорий этилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, тасдиқланган миллий клиник протоколлар 2025/2026 ўқув йили давомида тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида, клиник ординатура (резидентура), шунингдек, малака ошириш, мавзули ўқитиш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув дастурларига киритилган ҳолда таълим жараёни ташкил қилинади.
Эслатиб ўтамиз: миллий клиник протоколлар профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитация тўғрисидаги илмий далилларга асосланган маълумотларни ўз ичига олиб, жумладан, касалликнинг кечиши, асоратлари ва бирга келадиган хасталикларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда тиббиёт ходимининг ҳаракатлари кетма-кетлигини тавсифлайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
