Давлат тиббий суғуртаси: Боёвутда DMED тизими қандай ишламоқда?
2025-04-30 16:00:00 / Янгиликлар

Шу боис мамлакатимизда тиббиётни рақамли трансформация қилиш, “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш, бу орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга алоҳида этибор қаратилмоқда.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида бу йўналишда олиб борилаётган ишларни ўрганди.
Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасида Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED)дан фойдаланиш ҳолати, ушбу дастур орқали маълумотларни ахборот базасига киритиш жараёнларини кўздан кечирди.
— Тиббиётда рақамли технологияларнинг аҳамияти катта, — деди Ф.Шарипов. — Бу орқали, энг аввало, беморларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлади. Қолаверса, рақамлаштириш тиббий хизматлар сифатини ошириб, касалликлар муолажаси ва диагностикасини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Маълумки, бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасига реимбурсация дастури босқичма-босқич жорий этилмоқда. Дастлаб Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилган мазкур тизим айни пайтда юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалиётга кенг татбиқ қилиняпти.
Бу эзгу ишда Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Унга кўра, давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари кафолатланган пакети жорий этилиши, энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилиши ҳамда барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Вазир ўринбосари туман тиббиёт бирлашмасида мазкур йўналишда қилинаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


