ЛОР маркази: Касалликлар асоратларининг олди олиниб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда
2025-04-25 14:20:00 / Янгиликлар

Муассаса ва унинг жойлардаги филиаллари юртимизда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари профилактикаси, уларни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастурларини амалиётга татбиқ этиб келмоқда.
Жорий йилда муассасада амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар ҳақида унинг директори Улуғбек Ҳасанов батафсил маълумот берди.
— Муассасага келган беморлар аввал маслаҳат-диагностика поликлиникасида кўрикдан ўтказилади. Бу ерда кунига 100 нафар беморни қабул қилиш имконияти мавжуд. Замонавий ускуналарда аниқ ташхис қўйиш амалиёти жорий этилган. Поликлиника илғор ЛОР-комбайнлари, офтальмологик тиббий ускуналар, сурдологик текширув қурилмалари ҳамда бошқа керакли жиҳозлар билан таъминланган.
Ҳозирда ЛОР маркази нафақат юртдошларимиз, балки хорижий давлатлар фуқароларига ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. 2025 йил бошидан буён бу ерда 30 нафарга яқин чет эллик беморларамбулатор, 15 нафардан зиёди эса стационар шароитда даволанди.
Сўнгги 3 ой давомида муассасада Кардионейрореабилитация ҳамда Юз-жағ жарроҳлиги бўлимлари ташкил этилиши билан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш кўлами янада кенгайди.
Жорий йилда марказимизда 450 дан ортиқ операциялар ўтказилди. Шундан 310 таси юқори технологик амалиётлардир. Муҳими, кохлеар имплантация, бурун ҳалқум ангиофибромаси, бурун ҳалқум муртаги ва бурун пастки чиғаноқлари электропарацияси каби юқори технологик мураккаб операциялар илк бор бажарилди.
Чет эллик ҳамкасбларимиз билан биргаликда юқори технологик қўшма операциялар ўтказиб, яхши натижаларга эришяпмиз. Жумладан, бу йил Исроил ва Хитойдан келган мутахассислар билан ноёб қўшма операциялар ўтказдик.
Ўз ўрнида йил бошидан буён муассасада бажарилган энг ноёб амалиётдан иккитаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи бемор 23 ёшда бўлиб, унга икки томонлама сенсоневрал эшитиш заифлиги ташхиси қўйилди. Бу хасталикнинг хавфлилиги шундаки, уни вақтида даволамаса, бемор бир умрга кар бўлиб қолиши мумкин. Шифокорларимиз унда ноёб деб ҳисобланган амалиётни бажаришди. Яъни қулоқ чиғаноғи ичига имплант жойлаштирилди. Ҳозир беморнинг эшитиш қобилияти тикланди.
Иккинчи бемор — 17 ёшда. Ташхиси: бурун ҳалқум ангиофибромаси. Бу хасталик амалиётда кам учрайди. Қон кетиши ва мия ичида асорат қолдириши мумкинлиги билан хавфли. Ўтказилган мураккаб амалиётдан сўнг беморнинг аҳволи яхшиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг оториноларингология бўлимлари марказнинг ҳудудий филиаллари ҳисобланади. Жойларда янги даволаш ва диагностика усулларини амалиётга татбиқ этишга ҳам аҳамият бериляпти. Жумладан, бу йил Бухоро ва Жиззах филиалларида бир қатор янги усуллар жорий қилинди.
Ҳудудларда аҳоли ўртасида сурункали ЛОР хасталиклари скрининги мунтазам ўтказиляпти. Марказнинг малакали шифокорлари жойларда бўлиб, маҳаллий мутахассислар иштирокида юқори технологик операцияларни бажармоқда.
Бундан ташқари, муассасамиз шифокорлари замонавий даволаш ва ташхислаш усулларини кенг жорий қилиш мақсадида вилоятларда доимий равишда семинар ва маҳорат дарслари ташкил этиб келмоқда.
Шунингдек, ҳудудларда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ривожланган чет эл клиникаларида малака ошириши таъминланяпти. Бу йил Россиянинг академик И.П.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан имзоланган меморандумимиз ҳам юртимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
