Она ва бола саломатлиги маркази: Халқаро аккредитациядан ўтган филиаллар сони кўпаймоқда
2025-04-14 14:55:00 / Янгиликлар

Жумладан, ЖССТ жорий йил нишонланган Бутунжаҳон саломатлик кунида она ва янги туғилган чақалоқлар саломатлиги масалалари бўйича бир йиллик тарғибот кампаниясига старт берди. Бунда “Ҳаётни соғлом тарзда бошлаш — фаровон келажак гарови” шиори остида оналар ва болалар саломатлигини асраш, хусусан, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар ўлимига барҳам беришга алоҳида урғу берилади.
Шунингдек, ЖССТ хотин-қизларни туғуруқдан олдин, кўзи ёриши пайтида ва ундан кейинги даврда тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш муҳимлигига урғу бермоқда. Мамлакатимизда эса бу масалалар аллақачон доимий эътиборда.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази айни шу мақсадда ташкил қилиниб, соҳа бўйича ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилди. Бу билан туғиш ёшидаги аёлларга сифатли ва тизимли тиббий хизмат кўрсатиш, дунёга келадиган ўғил-қизлар саломатлигини назорат қилишнинг яхлит механизми яратилди.
Муассаса фаолияти ҳақида унинг директори Наталья Надирханова тўлиқ маълумот берди:
— Она ва бола саломатлигини асраш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидаги масаладир. Жумладан, Президентимиз тиббиёт марказларида замонавий бошқарувни йўлга қўйиш топшириғини берганди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, муассасамизда Россиянинг академик В.И.Кулаков номидаги Акушерлик, гинекология ва перинаталогия миллий тиббиёт тадқиқот маркази мутахассислари кўмагида симуляция технологияларидан фойдаланган ҳолда илмий-амалий ўқув семинарлари ўтказилди. Унда барча ҳудудий филиаллар ва минтақавий туғуруқ мажмуалари ходимлари ўқитилди.
Бундан ташқари, марказ вакиллари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида ўз билим ва кўникмаларини бойитгани ҳам замонавий менежментни йўлга қўйишда қўл келди.
Асосийси, марказимиз ходимлари ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни туман даражасига тушириш мақсадида бу йил ҳар бир ҳудуддан 2 тадан (жами 28 та) туманни намунавий ва илғор қилишга бел боғлаган. Бунинг учун мутахассисларимиз туманларга сафарбар қилинган.
Мақсадимиз ҳудудларда юқори технологияли амалиётларни татбиқ этиш, диагностика ва даволаш сифатини ошириш, скрининг тадбирларини тизимли олиб боришдан иборат. Ҳар бир ҳудудда вакилларимиз томонидан ўтказилаётган маҳорат дарслари, тренинг ва семинарлар орқали маҳаллий кадрлар салоҳиятини оширишга эришяпмиз.
Жумладан, ҳудудлардаги мутахассислар акушерликда инфузион терапия замонавий технологиялари, бачадон бўйни касалликларини ташхислаш ва даволаш, фетал жарроҳлик амалиётлари, кам инвазив лапароскопик усулларни қўллаш бўйича иш жойининг ўзида малакаси оширди.
Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида намунавий туманларда 6 та янги диагностика ва 7 та замонавий даволаш усули амалиётга татбиқ қилинди. Бу эса, беморларнинг ихтисослаштирилган марказга йўналтирилиши анча камайишига хизмат қилмоқда.
Марказ жарроҳлари маҳаллий шифокорлар билан биргаликда туманларда юқори технологик ва кам инвазив жарроҳлик амалиётларини ўтказмоқда.
* * *
Эслатиб ўтамиз: Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтган Ўзбекистондаги илк давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Унинг директори эса “Марказий Осиёда энг яхши тиббий ташкилот раҳбари” сифатида эътироф этилган.
Шунингдек, Хоразм, Андижон, Фарғона вилоятлари филиаллари ҳам Соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича аккредитация маркази (ACQH)нинг халқаро стандартларга мувофиқлик сертификатини қўлга киритган. Жорий йилда улар сафига яна бир қатор филиаллар қўшилиши кутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
