Навоий вилоятида тиббиёт тизимини рақамлаштиришга нима ҳалал беряпти?
2025-04-11 18:00:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан Навоий вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги мавжуд ҳолат тизим раҳбарлари иштирокида чуқур таҳлилдан ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялар орқали қатнашди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги қарори билан 2023 — 2024 йилларда Навоий вилоятига 989 та компьютер техникаси олиш кўзда тутилган бўлиб, маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Вилоятда 2025 йил 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилиши белгиланган ҳамда маҳаллий ҳокимликларга локал тармоқлар билан таъминлаш топширилган. Лекин ҳозирга қадар қатор муассасаларда локал тармоқ мавжуд эмас.
Хатирчи ТТБнинг бўлимлари ва унинг тасарруфидаги 10 та ОШП, Томди ТТБнинг юқумли касалликлар, жарроҳлик ва болалар бўлимлари ва унга қарашли 2 та ОШП ҳамда Зарафшон ШТБнинг юқумли касалликлар бўлимини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай ҳолат Навбаҳор, Кармана ва Нурота туманларида ҳам кузатилган.
Вазирликнинг 2024 йилдаги буйруғига кўра, “Ягона тиббиёт ахборот тизими”(DMED)ни вилоятда февраль ойигача жорий этиш кўзда тутилган, аммо 4 та тиббиёт муассасасида тизим ўрнатилмаган.
Айрим туманлар бирлашма раҳбарлари, ОП ва ОШП мудирлари DMED тизимидан фойдаланиш бўйича назорат олиб бормаяпти, яъни эски услубда ишлашдан воз кечолмаяпти. Натижада Нурота, Кармана, Навбаҳор, Хатирчи туманлари ҳамда Навоий шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида DMED тизимида мурожаатлар ёпилмаган, яъни “навбатда” статусида қолиб кетган.
Ҳудуддаги барча тиббиёт муассасаларида электрон дастур ўрнатилган бўлишига қарамай, шифокорлар томонидан 30 мингдан зиёд бемор кўриги DMED тизимига киритилмаган. Масалан, Зарафшон шаҳри, Томди, Учқудуқ, Хатирчи туманларида тизимдан фойдаланиш паст даражада. Навбаҳор туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида эса у номигагина мавжуд.
Тадбирда айтилганидек, вилоятда “Электрон рецепт” (реимбурсация) дастури ишга туширилган ва дорихоналар провизорлари, ОП, ОШП, КТМП шифокор ва ҳамширалари шу йўналишда ўқитилган. Жамғарма томонидан 308 млн. сўм маблағ ажратилган. Аммо маблағнинг атиги 15 фоизига электрон рецепт ёзилган, холос. Айниқса, Учқудуқ тумани ҳамда Ғозғон ва Нурота шаҳарларида бу борадаги кўрсаткич 0 фоизни ташкил этганини асло қабул қилиб бўлмайди.
Вилоятдаги вазият аниқ бўлгани ҳолда, мутасаддиларнинг зарур чоралар кўрмаётгани янада таажжублидир. Бу масала вазирлик ҳайъат йиғилишида 2 бор, вазир ва вазир ўринбосарлари иштирокида 4 марта муҳокама қилингани ҳолда, вилоят бошқармаси томонидан умуман кўриб чиқилмаганлигига нима дейиш мумкин.
Хўш, вилоятда тиббиётни рақамлаштиришга нима ҳалал беряпти?
Йиғилишда шу юзасидан ҳам фикр-муҳазалар билдирилди. Ўз навбатида, ҳудуддаги ижобий ҳолатлар намуна сифатида кўрсатиб ўтилди. Якунда келтириб ўтилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур вазифалар белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.



