Бугун — Амир Темур таваллуд топган кун
2025-04-09 10:30:00 / Янгиликлар

Амир Темур юрт ободончилиги ва аҳоли соғлигига алоҳида эътибор берган. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Яна амр этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона (йўловчилар қўниб ўтадиган жой; камбағал етим-есирга овқат бериладиган жой; ғарибхона) солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинлансинлар".
Соҳибқирон бобомиз ўз даврида ижтимоий гуруҳларни ўн икки тоифага бўлган. Шулар ичида ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларни саккизинчи тоифага киритган. Уларни салтанат корхонасига ривож берувчилар, деб атаган. Табиблар ҳақида шундай дейди: “Ҳакимлар ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим”.
Ҳукмдорнинг шахсий шифокори
Амир Темур даврида ҳар бир шаҳарда шифохона бўлган, уларда билимли ва тажрибали табиблар ишлаган. Жумладан, Самарқандда “Дор уш-шифо” номли йирик касалхона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби Мир Саййид Шариф Шерозий раҳбарлик қилган.
Бу табиб асли журжонлик бўлиб, Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келиб, шу касалхонага бошчилик қилган. Шу даврлар йирик табиблардан Хисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий, Мансур ибн Муҳаммадлар яшаб, фаолият кўрсатган.
Тарихий маълумотларда таъкидланишича, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий Амир Темурнинг шахсий табиби бўлган. У Соҳибқироннинг барча сафарларида бирга бўлар эди.
Стериллаш ва антисептика ҳақида билган жарроҳ
Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек даврида табиблар ўртасида моҳир жарроҳлар ҳам бўлган. Улардан бири Тожиддин Ҳаким эди. Бу жарроҳ анча мураккаб операцияларни ҳам бажарган. Масалан, кўз катарактасини жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу табиб операциядан олдин жарроҳлик асбобларини ўт (олов) устида қиздириб олиб, сўнг ишлатган. Операция вақтида эса қўлини тез-тез майда қилиб тўғралган пиёзга ботириб оларкан.
Маълумки, пиёзда микробларни ўлдирувчи фитоцидлар бўлади. Ўт устида қиздирилган асбоб эса тамомила микробдан ҳоли бўлади (стерилизацияланади). Бундан маълум бўладики, Тожиддин Ҳаким ярани айнатувчи жонзодлар мавжудлигини билган ва уларнинг ривожланишига йўл қўймаслик учун юқоридаги айтилган чорани кўрган. Бу жиҳатдан, Тожиддин Ҳакимни Ўрта Осиёда антисептика усулининг асосчиси, деса бўлади.
Амир Темурнинг тиббий-санитария чоралари
Амир Темур ва темурийлар даврида орасталик ҳамда озодалик бирламчи масалалардан бўлган. Биз буни Соҳибқироннинг ўз аскарларига қўллаган чора-тадбирлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Амир Темур ҳар бир жанг олдидан аскарларининг соғлиғини текшириб, ҳар бирининг ўзигагина тегишли бўлган шахсий буюмлари билан ҳам қуролланишини назорат қилган.
Бундан ташқари, темурийлар даврида айнан шаҳзодаларнинг пиёла ва идишлари қандай металлдан ясалишига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Ана шундай буюмлар сарасига нефритни киритиш жоиздир. Бу идишларнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, уларга заҳар солингудек бўлса, уларнинг ранги ўзгарган.
Эпидемиологик тартиблар
Халқни ичимлик суви билан таъминлаш учун кўпгина ҳовуз, канал, ариқлар қазилган. Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур ва темурийлар даврида юқумли касалликлар тез-тез тарқаб турар эди. Бунинг олдини олиш учун керакли чоралар кўрилган.
Хусусан, тозаликка катта аҳамият берилган, айниқса, ариқ ва ҳовузлардаги сувлар ниҳоятда тоза тутилган. Шу сабабданми, шифохоналарнинг шимол тарафида Дорал-ҳуффоз орасида ҳовуз бўлиб, ундан табиблар беморларни даволашда фойдаланар эди.
Албатта, буларнинг бари темурийлар даврида барча соҳалар каби тиббиёт илми ҳам жадал ривожланганини тасдиқлайди.
