Учта клиника негизида ташкил этилган йирик тиббиёт муассасасида қандай ноёб операциялар ўтказиляпти?
2025-04-03 17:40:00 / Янгиликлар

Муассаса ходимлари ўз фаолиятида доимо “Бемор саломатлиги — ҳамма нарсадан устун” шиорига амал қилади. Шу сабабли хорижий тажриба асосида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун юқори технологияли хизматлар доирасини кенгайтирмоқда.
Клиника бош шифокори Дилдора Рустамова муассаса фаолияти тўғрисида маълумот берди:
— Клиникада 1209 та ўрин мавжуд. Кунлик 850 қатновга мўлжалланган маслаҳат-диагностика поликлиникалари ишлаб турибди. Ҳар йили 250 минг нафардан ортиқ беморларга терапевтик, жарроҳлик, акушер-гинекологик ва педиатрия йўналишларида шошилинч, режали, стационар ҳамда амбулатор тиббий хизмат кўрсатилади.
Муассаса 14 та бинодан ташкил топган. Ушбу замонавий тиббий таълим кластерида беморни даволаш ишлари кафедра ходимлари ва талаба, магистрлар билан биргаликда олиб борилади.
Жарроҳлик операциялари, тиббий муолажалар жараёнида ҳам тингловчилар бевосита иштирок этиб, таълим ва амалиёт уйғунлигига эришилмоқда.
Муҳими, академиядаги тадқиқотлар, ихтиролар биринчи навбатда ушбу нуфузли клиникада амалиётга татбиқ этилади.
Муассасада 365 нафар шифокор фаолият юритиб, улардан 6 нафари тиббиёт фанлари доктори, 16 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 219 нафари эса олий тоифали шифокордир.
Ҳозир бу ерда 70 дан ортиқ бўлимлар мавжуд. Улар орасида нейрохирургия, йирингли жарроҳлик, кардиология, ревматология, болалар ревматологияси энг йирик бўлимлар ҳисобланади.
Клиникада малакали шифокорлар томонидан изланишлар олиб борилиб, янги диагностика ва даволаш усуллари кенг қўлланилмоқда. Бунда хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорлик ҳам қўл келяпти.
Жумладан, жорий йилда Торако-абдоминал жарроҳлик бўлимида клиникамизда илк бор қизилўнгач ахалазияси ташхиси қўйилган беморда Геллер лапароскопик операцияси ўтказилди.
Қон томир жарроҳлик бўлимида эса яқинда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети профессори А. Хильчук билан биргаликда яна бир юқори технологик амалиёт бажарилди.
Суяк йиринг хасталиклари жарроҳлиги бўлимида жорий этилаётган амалиётлар сабаб оғир ҳолатдаги беморлар шифо топишига эришилмоқда.
Қозон давлат тиббиёт университети профессори И. Ахтямов билан биргаликда бажарилган чаноқ-сон ва тизза бўғимларини тотал эндопротезлаш операциялари ҳам яхши самара берди.
Шунингдек, жорий йилда акушерлик ва гинекологик йўналишларда лапараскопик гистерэктомия, туғуруқдан кейинги метропластика, бачадон бўйнини Манчестер бўйича пластика қилиш ва жарроҳликда йирингли некротик жароҳатларда вакуум терапия янги диагностика ҳамда даволаш усуллари жорий этилди.
Шундай қилиб, жами амалиётда қўлланилаётган ташхис ва муолажа усуллари сони 575 тага етди.
Жорий йилнинг ўтган даврида клиникада 3774 та жарроҳлик операцияси ўтказилди, шундан 574 таси юқори технологик амалиётлардир.
Клиникамизда тиббий туризмни ривожлантириш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Жумладан, жорий йил бошидан буён 330 нафардан ортиқ чет эл фуқароси мурожаат қилган бўлиб, улардан 150 нафари стационар шароитда даволанган.
Яқин кунларда беморларнинг хасталиклардан сўнг тикланишини яхшилаш мақсадида Реабилитология бўлимини очмоқчимиз. Бунда хитойлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг бу борадаги ютуқларини жорий қилган ҳолда реабилитация жараёнларини замонавий босқичга олиб чиқмоқчимиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
