Урология маркази: Cўнгги уч ойда 900 дан зиёд юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди
2025-03-31 11:25:00 / Янгиликлар

— Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги изланишларни изчил давом эттиряпмиз, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров. — Йил бошидан буён 19 та ташхислаш ва 17 та даволаш усули йўлга қўйилгани ва натижада марказдаги ташхислаш 252 тага ва даволаш усуллари 324 тага етказилгани ҳам шундан далолат бериб турибди.
Айни чоғда 1676 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди, шундан 907 таси юқори технологик операциялардир.
Учта янги амалиёт йўлга қўйилганини ҳам айтиш зарур. Улар — махсус микроскоп остида уруғ тизимчаси венларини боғлаш, простата бези хавфсиз гипперплазиясида тулий лазерда простата энуклеацияси(ThuLEP)дан иборат.
Халқаро алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келяпмиз.
Президентимиз ташаббуси билан январь ойида Қувайт Араб иқтисодий ривожланиш фонди маблағлари ҳисобига “Робот ассистент жарроҳ” ускунаси келтирилди. У ўрнатиладиган жарроҳлик хоналари ҳомийларнинг сармояси ҳисобига тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Айни шу фонд ёрдами билан гольмийли лазер ва тули толали лазер қурилмалари келтирилганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
Россиялик онкоуролог Сергей Даренков билан бирга юқори технологик операция — лапароскопик геминефруретерэктомия амалиётини ўтказдик.
Айни чоғда Жанубий Корея, Япония, Германия, Туркия ва Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларига ходимларимизни малака оширишга юбориш борасида иш олиб борилаётир.
Мамлакатимиз тиббиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар марказидан соҳани халққа яқинлаштириш масаласи ўрин олган. Шу боис ҳудудларда ҳам янги даволаш усулларини йўлга қўйиш чораларини кўрмоқдамиз.
Йил бошидан буён Фарғона вилоятида простата безининг мультифокаль биопсияси, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида сийдик оқими тезлигини аниқлаш (урофлоуметрия) диагностик усули татбиқ этилган бўлса, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ички оптик контакт уретеролиторипсия даволаш усули ўзлаштирилди.
Ҳудудлардаги ҳамкасбларимизнинг малакасини ошириш мақсадида 32 нафар етакчи мутахассисимиз маҳаллий шифокорлар билан биргаликда 25 та туманда аҳолини тиббий кўриклардан ўтказишди.
Умуман, марказимизда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларнинг ҳам бизга ишончи мустаҳкамланиб бораётгани эътиборлидир.
Буни шу йилнинг биринчи чорагида марказимизга 166 нафар чет эл фуқароси мурожат қилгани ҳам тасдиқлайди. Улардан 31 нафари операция қилинган, 135 нафари эса амбулатор шароитда муолажа олган.
Марказимиз жамоаси барча йўналишлардаги натижа ва кўрсаткичларни янада яхшилашига ишонамиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
