Жойларда тиббиётни рақамлаштириш даражаси қай ҳолатда?
2025-03-24 16:45:00 / Янгиликлар

Президентнинг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Хўш, ўтган даврда мазкур йўналишда қандай ишлар амалга оширилди ва ўз ечимини кутаётган яна қандай вазифалар мавжуд?
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан Сирдарё вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида ахборот тизимларидан фойдаланиш самарадорлиги ва амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммолар таҳлилий-танқидий кўриб чиқилди.
Тадбирда вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва рақамлаштириш бўйича масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялар орқали қатнашди.
Таъкидланганидек, юқорида келтирилган ҳужжатда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарувдаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш ҳамда мазкур йўналишдаги трансформация дастурларини изчил амалга оширишга доир аниқ вазифалар кўзда тутилган.
Ўтган даврда Сирдарёда шу асосда салмоқли ишлар бажарилган.
Аммо ҳудуд тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш тизими шу йил 1 январдан ишга туширилиши кўзда тутилган бўлишига қарамай, ҳозирга қадар қониқарли натижага эришилгани йўқ.
Йиғилишда эътибор қаратилган асосий жиҳатлар эса қуйидагилардан иборат:
Туман ва шаҳарларда рақамлаштириш тўлиқ йўлга қўйилган, аммо уни ишлатиш бўйича жойлардаги айрим соҳа масъулларига билим ва малака кўникмалари етишмаяпти.
Айрим туманларда “Электрон навбат” тизими учун ажратилган телевизорлар ҳозиргача ўрнатилмаган.
DMED тизими фақат Гулистон шаҳрида яхши йўлга қўйилган.
Рақамлаштириш бўйича намунали туман ва шифохона аниқланади.
Рақамлаштириш тизими яратилган, аммо ундан жойлардаги масъулларни кенг фойдаланиши суст даражада.
IT-ҳамшираларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Умуман, вилоятда рақамлаштириш тадбирлари муваффақиятли амалга оширилгани ҳолда, уни ишлатиб юборишга келганда бир қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
