Ўзбекистон – Франция: Мақсадлар аниқ ҳаракатларга айланмоқда
2025-03-12 18:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, ташриф арафасида Париж шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Франция” биринчи тиббиёт форуми доирасида Франция соғлиқни сақлаш вазири Янник Нойдер мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, Франция соғлиқни сақлаш тизими аҳоли саломатлигининг юқори даражаси, тиббий хизматлардан фойдаланиш осонлиги, даволаниш учун навбатлар йўқлиги ва бутун аҳоли малакали тиббий хизмат билан қамраб олинганлиги каби мезонлар бўйича ЖССТ рейтингида юқори ўринларни эгаллайди. Шу маънода, мазкур давлат билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш фойдалидир.
Вазирлар ўртасидаги учрашувнинг энг муҳим қисми икки томонлама аҳдлашув декларацияси имзоланиши бўлди.
Франция соғлиқни сақлаш вазири Янник Нойдер қайд этганидек, бу декларация ўзаро ҳамкорликнинг биринчи институционал босқичи бўлиб, мақсадларни аниқ ҳаракатларга айлантиради.
Ушбу ҳужжатда тиббиёт мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва самарали даволашда юқори технологик ечимлар, чунончи, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш каби масалалар акс этган.
Шунингдек, делегациямиз сафар доирасида Франциянинг етакчи соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, улар Париж шаҳри яқинидаги Сюрен шаҳарчасида жойлашган нотижорат ўқув шифохонаси — Фош госпиталида бўлди.
Бундан ташқари, вакилларимиз онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган, ўз йўналишида Европада етакчи, дунёдаги энг яхши тиббий муассасалар ўнталигига кирувчи Густав Русси институти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
ССВ Матбуот хизматининг Франциядан шу ҳақда тайёрлаган видеолавҳаси яқин соатларда эътиборингизга ҳавола этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.



