Расмий муносабат
2025-03-07 09:45:00 / Янгиликлар
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Склерозлашган панэнцефалит хавфли бош мия касаллиги бўлиб, асосан болалар ва ўсмирларда учрайди. Ушбу хасталик аксарият ҳолларда қизамиқ асорати сифатида юзага келади, бироқ унинг этиологияси бошқача ҳам бўлиши мумкин.
Касаллик аломатлари динамикада кучайиб, умумий ривожланишдан орқада қолиш, талваса хуружларининг кўплиги, мушак тонуслари ортиши, кескин вазн йўқотиш билан намоён бўлади ва хасталикнинг сўнгги босқичида бемор кома ҳолатига тушади.
ЖССТ таҳлилларига кўра, склерозлашган панэнцефалит қизамиқ билан касалланган ҳар 100 минг бемордан 4-11 нафарида учрайди. Бугунги кунда юртимизда бу касаликка чалинган 130 нафардан зиёд бола рўйхатга олинган.
Мазкур хасталик қизамиқни бошдан ўтказганларда 2,5 йилдан 34 йилгача бўлган даврда аломатсиз кечиши мумкин. Унинг дастлабки босқичларида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар кузатилмаслиги туфайли касалликка аниқ ташхис қўйиш маълум қийинчиликлар туғдиради.
Халқаро экспертлар хулосасига кўра, дунё бўйича болаларда учраётган склерозлашган панэнцефалит аҳоли орасида қизамиққа қарши эмланишдан бош тортиш ҳолатлари кўпайганлиги туфайли юзага келмоқда. Юртимизда ҳам ушбу касалликка чалинган болаларнинг аксарияти қизамиққа қарши эмланмаган.
Айтиш лозимки, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу беморларни даволаш, уларни тегишли дори воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Хусусан, склерозлашган панэнцефалит билан касалланган беморларнинг рўйхати шакллантирилиб, улар назоратга олинди. Айни пайтда бемор болалар ҳудудлар ҳамда Тошкентдаги болалар тиббиёт муассасаларининг неврология ва реанимация бўлимларида симптоматик даволаниб келмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соҳа мутахассислари томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларидан келиб чиқиб, ушбу касалликни симптоматик даволаш юзасидан даволаш стандарт-протоколлари ишлаб чиқилди.
Барча турдаги эпилептик энцефалопатия ҳолатларида қўлланиладиган ва ушбу касалликда ҳам кузатиладиган талваса ҳуружларини камайтиришга ёрдам берадиган “Клоназепам” дори воситаси рўйхатдан ўтказилди ва беморларга етказилди.
Касаллик диагностикаси ва даволаш жараёнларини амалга ошириш учун халқаро ва миллий экспертлар иштирокида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, ўтган 2024 йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика Болалар миллий тиббиёт марказида склерозлашган панэнцефалитга чалинган 130 нафардан ортиқ боланинг барчасида махсус лаборатор таҳлилларни ўтказиш тадбирлари амалга оширилди ҳамда уларнинг ота-оналари учун невролог ва вирусолог олимлар томонидан халқаро даражадаги энг замонавий илмий маълумотлар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат билан келган ота-оналарни вазир ўринбосари Э.Баситханова қабул қилди.
Мулоқот давомида академик Э.Мусабаев бошчилигидаги соҳанинг энг нуфузли экспертлар гуруҳи билан бемор болаларнинг яқинлари ўртасида учрашув ташкил этилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Шунингдек, уларга бемор болалар 2025 йил зарур дори воситалари билан тўлиқ таъминланиши, бунинг учун давлат ҳисобидан 9 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, бугун бўлиб ўтган вазирлик Ҳайъат йиғилишида ушбу беморлар ҳудудлар кесимида назоратга олиниб, уларни даволаш ва тиббиёт муассасаларида реабилитация ўринларини ташкил этиш юзасидан масъулларга қатъий топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
