CCВ: Республика педиатрия марказида Ўзбекистонда илк бор видеокапсула эндоскопияси жорий қилинди
2025-03-06 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбирдан кўзланган мақсад соҳа мутахассисларига болаларда учрайдиган ҳазм аъзолари ва ичак касалликларини замонавий ведокапсулали эндоскопия орқали аниқлаш ҳақида маълумот бериш ҳамда уни амалиётга жорий этишдан иборат.
Таъкидлаш лозимки, мазкур инновацион усул болаларда кўп учрайдиган ошқозон-ичак касалликларига барвақт ва самарали ташхис қўйиш имконини беради.
Ушбу қурилма рақамли технология ва микроэлектроника соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни ўзида жамлаган бўлиб, ингичка ва йўғон ичакни осон, қулай ва оғриқсиз ташхислайди. Шу билан бирга, ичаклардаги патологияларни юқори сифатли тасвирга олиш орқали уларни шифокорларга онлайн вақт оралиғида кўрсатиб боради.
Қолаверса, у бемор болаларнинг функционал диагностикаси йўналишида афзал усуллардан ҳисобланиб, қатор қулайликларга эга.
Жумладан:
бемор учун оғриқсиз ва сунъий ухлатишни талаб этмайди;
теширув давомида танага зарарли таъсир қилмайди;
у бир марталик ва стерил бўлиб, бемор организмига ташқаридан инфекция тушиш хавфининг олдини олади;
текширув пайти бемор эркин ҳаракат қилиш, мобил алоқадан фойдаланиш каби ҳаракатларни бажариши мумкин;
ингичка ичак рентгенографияси билан солиштирганда ошқозон-ичакларда яширин қон кетиш сабабларини 70 фоизгача аниқликда кўрсатади.
Шунингдек, ушбу қурилма ўлчами 5 мм. дан кам бўлган ичак полипларини аниқлашда юқори диагностик самарадорликка эга бўлиб, беморлар орасида ногиронликка олиб келувчи целиакия касаллигини эрта аниқлашда “олтин стандарт” ҳисобланади.
Видеокапсула эндоскопияни масофадан ўчириш, олинган натижаларни таҳлил қилиш учун фақат зарур тасвирларни алоҳида кўриб чиқиш имконияти мавжуд.
Унда қўшимча портатив чўнтак компьютер бўлиб, шахсий компьютерга симсиз улаш мумкин. Сенсорли қулай жиллетдан фойдаланиш эса бутун тизим билан ишлашни осонлаштиради.
Маълумот ўрнида, ушбу қурилма целиакия, келиб чиқиши номаълум бўлган анемия ёки ошқозон-ичакдан қон кетиши, Крон касаллиги, носпецифик ярали колит, энтерит, ичак таъсирланиши синдроми, ингичка ичак хавфсиз (полиплар) ва хавфли ўсмалари, шу жумладан, GIST ва нейроэндокрин ўсмалар, номаълум қорин оғриғи ва узоқ муддатли диарея ҳамда вазн йўқотиш каби хасталикларга ташхис қўйишда қўлланилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.