Талаба ихтиролари билан болалар касалликларининг олдини олмоқчи
2025-03-06 10:15:00 / Янгиликлар

Бобоси — болалар жарроҳи, бувиси — гинеколог, дадаси — фтизиатр, онаси — терапевт, аммаси — офтальмолог, амакиси — лор шифокори бўлган қизнинг оиласида дастурхон атрофида доим тиббиётга доир қизғин баҳслар авж оларди.
— Раҳматли бобом: “Тиббиётнинг энг қийин, аммо энг кўп завқ берадиган йўналиши — педиатрия. Бу соҳа вакиллари беғубор қалб эгалари — жажжи беморларга ёрдам беришади. Шунинг учун "Сен Бухорода энг зўр педиатр бўлишинг керак”, деб мени руҳлантирганлар. Уларнинг ишини қисман бўлса-да, давом эттираётганимдан хурсандман, — дейди Дилшода.
Ҳозир 2 яшар бўлган қизи муддатидан олдин туғилгани учун неонатология йўналишига қизиқиши ортди. Бу борада кўп изланди. Бунда илмий раҳбари — педиатрия кафедраси мудири Шахноза Мухаммедова уни қўллаб-қувватлади ва муваффақиятлари сабабчисига айланди.
Қаҳрамонимиз болаларнинг ўсиши ва ривожланишини баҳоловчи ҳамда оналарга тавсиялар берувчи мобиль илова яратди. “Happy and Healthy Child” номли ушбу лойиҳаси учун ишлаб чиқилган платформаси Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида рўйхатга олинди ва у муаллифлик ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлди.
Дилшода айни пайтда яна бир ихтиро учун муаллифлик ҳуқуқини олиш ҳаракатида. У янги туғилган чақалоқлар учун пешоб йиғиш мосламасини яратган. Бу перинатал патологияларни эрта ташхислашда яхши самара бериши мумкин.
Бундан ташқари, қаҳрамонимиз Москвада ўтказилган 2-Халқаро илмий тадқиқотлар танловида "Энг яхши мақола" номинацияси бўйича 1-даражали диплом билан тақдирланган. Шу йили мамлакатимизда ўтказилган "XXI аср аёли" республика танловида ҳам ғолиб бўлган.
2022 йилда у "Мирзо Улуғбек ворислари" республика танловида зафар қучди. Унда мактабгача таълим муассасаларида тиббий онгни шакллантириш бўйича 52 та дарсдан иборат мультипликацион машғулотлар лойиҳасини тақдим қилганди.
— Лойиҳани Когон туманидаги 5 та боғчада кўнгиллилар гуруҳи билан синовдан ўтказдик, — дея ўз ғоясини тушунтирди қаҳрамонимиз. — Иккитадан ўрта гуруҳларни танлаб, мавсумий касалликлар авж олган даврда бирида машғулотлар ўтказилди, иккинчисида эса йўқ. Асосан гигиена қоидаларини болаларга тушунарли тилда етказиб бердик. Натижада биринчи гуруҳда хасталанган болалар сони анча кам бўлди. Келгусида ушбу лойиҳани мультфильм тарзида ишлаб чиқишни ният қилганман.
Дилшода “Йил талабаси – 2023” танловида “Йилнинг энг ихтирочи-инноватор талабаси” номинациясида, 2024 йил Россияда ўтказилган халқаро “Интеллектуал билимдон” олимпиадасида педиатрия фанидан ва Қозоғистонда бўлиб ўтган “Биз иқтидорли ёшлармиз” танловида 1-ўринларни эгаллаган.
Шунингдек, у Грузия, Италия ва Хитойда ўтказилган халқаро анжуманларда мақолалари билан иштирок этди.
Дилшода тиббиёт ходимлари учун 2 та услубий қўлланма яратган, халқаро ва маҳаллий нашрларда 30 дан ортиқ мақолалари, 2023 йилда эса “Scopus” маълумотлар базасида мақоласи инглиз тилида чоп этилди.
Жорий йил бошида эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибасига айланди.
Қаҳрамонимизнинг илмий иши чақалоқларда инвазив муолажаларни камайтириб, ноинвазив, ишончли инновацион ташхисот усулларини яратишга қаратилган.
— Педиатрия соҳасида ўрганилмаган жиҳатлар талайгина, — дейди у. — Ниятим — уларни амалиётда таҳлил қилиш, болалар орасида касалликлар профилактикасини кучайтириш. Чунки кичик ёшли беморлар учун ҳар бир тиббий муолажа — стресс. Болалар саломатлигини асраш ва тиббий саводхонликни оширишга қаратилган лойиҳалар бўйича ғояларим ҳали кўп.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
