Болани 1-синфга қабул қилиш учун қандай тиббий маълумотномалар керак?
2025-03-01 09:20:00 / Янгиликлар

Шу боис юртимизда болаларни мактабга қабул қилишда ота-оналардан бир қанча тиббий маълумотномалар талаб қилинади.
Хўш, улар қайси?
Ушбу саволга Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Дилобар Ҳидоятова батафсил жавоб берди.
— 2020 йилнинг 23 сентябрида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритилиб, унга кўра, умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул ёши 7 ёш этиб белгиланган, — дейди мутахассис.
— Агар бола мактабгача таълим муассасасига борган бўлса, улар боғча давридаёқ, ҳудудий оилавий поликлиника мутахассислари томонидан доимий равишда барча тиббий кўриклардан ўтказилади ва уларнинг соғломлигини тасдиқловчи 026-шаклидаги тиббий маълумотнома қабул комиссиясига тақдим этилади.
Бироқ бола боғчага бормаган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 27 июлдаги тегишли буйруғига биноан 026-шаклидаги тиббий маълумотномани олиш учун ҳудудий оилавий поликлиникада йўлланма асосида стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог, логопед, психоневролог ва оила шифокори каби тор соҳа мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.
Умумий қон ва пешоб ҳамда 3 марта гижжага қарши лаборатор таҳлиллар олинади.
Қолаверса, Миллий профилактик эмлаш календарига мувофиқ вирусли гепатит В, сил, полиомиелит, ротавирус инфекция, бўғма, қоқшол, кўкйўтал, Хиб инфекция, қизамиқ, эпидпаротит, пневмококк инфекция каби хасталикларга қарши вакцина олганлиги ҳақида 063-шаклдаги тиббий маълумотнома талаб қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
