ССВ: Республика перинатал марказининг видеотақдимоти 45 та давлат орасида биринчи ўринга сазовор бўлди
2025-02-26 12:15:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ўзбекистон халқаро миқёсда яна бир эътирофга сазовор бўлди. Республика перинатал маркази жамоаси яқинда БААда бўлиб ўтган “ENDODUBAI — 2025” Х халқаро тиббиёт конференциясининг “Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари” махсус секциясида илк бор расман иштирок этди ҳамда видеотақдимот номинациясида биринчи ўринга сазовор бўлди.
“ENDODUBAI — 2025” эндоскопик жарроҳликнинг илғор усулларига бағишланган энг йирик халқаро конференциялардан бири саналади. Бу ноёб платформада дунёнинг барча қитъаларидан эндоскопия, гинекология ва кам инвазив жарроҳлик соҳасида юқори технологияли ускуналар билан ишлайдиган 500 нафардан ортиқ етакчи мутахассислар тажриба алмашиш мақсадида бирлашдилар.
Унда Ўзбекистондан Республика перинатал маркази Гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Жаҳонгир Ғофуров ҳамда марказнинг ёш ходими Дилафруз Ўринбоева 4 та маъруза билан иштирок этди.
Жумладан, улар юртимизда кам инвазив жарроҳлик технологияларини ривожлантириш тажрибаси, перинатал марказ шароитида гинекологик касалликларни ташхислаш ва даволашда қўлланилаётган замонавий усуллар, гинекологик эндоскопия соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирди.
Маърузаларга конференция иштирокчилари катта қизиқиш билдирди. Улардан бири видеотақдимот номинациясида 45 та давлат орасида биринчи ўринга сазовор бўлди. Яъни унда ўзбекистонлик мутахассислар юртимизда қўлланилаётган янги операцияни намойиш этди.
— Ушбу юқори технологик жарроҳлик амалиёти ҳомиладорлик бачадон бўйни чандиқ соҳасида ривожланган аёлда ўтказилган бўлиб, бачадонни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик, — дейди Жаҳонгир Ғофуров. — Авваллари бундай беморларда 100 фоиз ҳолларда бачадонни олиб ташлашга мажбур бўлардик ва аёл бир умр фарзанд кўриш бахтидан бебаҳра қоларди. Ушбу амалиёт сабаб бемор 10 ойдан сўнг ҳомиладор бўлди ва соғлом фарзандни дунёга келтирди. Марказда 20 га яқин ана шундай амалиётларни бажардик.
Ушбу видеотақдимот юртимизда инсон қадри нақадар улуғлиги ҳамда тиббиётимиздаги ютуқларнинг ёрқин намунасидир.
“ENDODUBAI” конференциясидаги иштирок мамлакатимиз мутахассисларига халқаро майдонда нафақат билим алмашиш, балки ўз тажрибасини намойиш этиш имкониятини ҳам тақдим этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
