Оилавий поликлиника лабораториясида неча турдаги таҳлиллар амалга оширилмоқда?
2025-02-24 16:00:00 / Янгиликлар

Шу ўринда яна бир масалага жиддий эътибор берилаётганини ҳам айтиш зарур. Гап оилавий поликлиника лабораториялари ҳақида боряпти. Кейинги йилларда бу йўналишда катта ишлар рўёбга чиқарилди. Натижада яқингача саноқли таҳлиллар билан кифояланган ушбу лабораторияларда айни вақтда кўплаб таҳиллар ўтказилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.
Зеро, мазкур ҳужжатда аҳоли тураржойларида профилактик кўрувлар, лаборатория клиник-биокимёвий ва инструментал (УТТ, ЭКГ ва бошқа) текширувларни олиб бориш, касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг сурункали ҳолга ўтишига йўл қўймаслик тизимини яратишга оид вазифалар белгилаб берилган эди. Ўтган даврда бу борада салмоқли ишлар қилинди.
— Муассасамиз янги бинода иш бошлагач, лабораторияга шинам хоналар берилди, — дейди пойтахтимиздаги 1-оилавий поликлиниканинг шифокор-лаборанти Гулбаҳор Исмоилова. — Муҳими, таҳлил учун керак бўладиган замонавий асбоб-ускуналар келтирилди. Натижада бир неча турдаги янги таҳлил текширувларини шу ернинг ўзида бажариш имконига эга бўлдик.
Ҳозирги пайтда лабораториямизда қуйидаги таҳлиллар қилинмоқда:
АЛТ (аланинтрансфереза ферменти);
АСТ (аспартатаминотрансфереза ферменти);
билирубин (умумий);
билирубин (эркин);
билирубин (боғланган);
қонда қанд миқдори;
холестерин;
умумий оқсил;
креатинин;
мочевина;
ревмопроба (РФ);
СРБ (С реактив оқсили);
АСЛ-О (антистрептолизин-О);
кальций;
гепатит (В, С).
Қолаверса, бу ерда умумий қон ва сийдик таҳлиллари, капрология (нажас таҳлили), қин суртмаси таҳлили ва моларияга қон олиш ўтказиб келиняпти.
Умумий олганда, 20 турга яқин таҳлилларни шу ерда сифатли даражада амалга ошириш мумкин.
Бу ҳудуд аҳолисига катта қулайликлар яратди. Илгари одамлар айрим таҳлиллар учун бошқа ҳудудлардаги тиббиёт муассасасига қатнаган бўлса, эндиликда бунга зарурат қолмади. Энг асосий таҳлиллар шу ернинг ўзида бекаму кўст уддаланяпти.
Албатта, бу давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиётни халққа янада яқинлаштириш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг ҳаётий тасдиғидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
