Травматология ва ортопедия: Мураккаб жарроҳлик операциялари туманлар даражасида ўтказилмоқда
2025-01-18 09:05:00 / Янгиликлар

Бу борада травматология ва ортопедия соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳам салмоқли.
— Ўтган йил давомида муассасамизнинг ҳудудий филиаллари орқали 6 минг нафардан зиёд беморларга тиббий ёрдам кўрсатилди, 350 дан зиёд операциялар ўтказилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов.
— Вилоятларда 22 турдаги, туман шифохоналарида 5 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари амалиётга татбиқ этилди. Натижада 2024 йилда марказимизга тўғридан-тўғри мурожаатлар сони 2 баробар камайди.
Шунингдек, фақат муассасамизда бажариб келинган суяклар туннелизацияси ва тромбоцитлар билан бойитилган плазма юбориш, тизза бўғими диагностик артроскопияси, медиал менискэктомия, туғма маймоқликда перкутан ахиллотомия, ахиллопластика ва пайлар транспозицияси, чаноқ-сон ва тизза бўғимларини тотал эндопротезлаш каби қатор юқори технологик амалиётлар илк бор туман (шаҳар)лар даражасида бажарилди.
Бирламчи тизимда болаларда сон туғма чиқиши ва дисплазиясини эрта аниқлаш ва даволаш тизимини жорий этиш мақсадида жойларда сайёр ўқувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилди.
Бундан ташқари, Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон травматолог-ортопедларининг илмий-амалий анжумани доирасида Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказида ортопедик нуқсони бўлган 58 нафар оғир беморда хорижий мутахассислар иштирокида мураккаб жарроҳлик операциялари бажарилди.
Телетиббиёт йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришяпмиз. Жумладан, ўтган йили ҳудудлар билан худди шу усулда 191 та тиббий маслаҳат, 42 та консилиум ва 62 та намойиш амалиётлари ўтказилди.
Бу орқали кўплаб беморларга яшаш жойининг ўзида туриб малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматдан самарали фойдаланиш ва саломатлигини тиклаш имконияти яратилди.
Жорий йилда бу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
