Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди
2025-01-14 15:35:00 / Янгиликлар
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмида белгиланганидан ортиқча тиббий ёрдам ва бошқа хил қўшимча хизматлар, шунингдек, оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмаси бўлмасдан, тўғридан тўғри мурожаат қилган фуқароларга пулли асосда тиббий ёрдам кўрсатиш таклиф этилмоқда.
Мазкур қонуннинг 41-моддасига эса тиббий таълим ташкилотларини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахсларга мавжуд малака тоифасини олиш тизими ичида автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
