ССВ: Даволаш-профилактика муассасалари янгиланган миллий клиник протокол ва стандартлар асосида ишлайди
2025-01-10 09:20:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЖССТ билан ҳамкорликда янги методология тасдиқланди ва унинг асосида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида янгиланган миллий клиник протоколлар тасдиқланиб келинмоқда.
Яқинда вазирликнинг тегишли буйруғи билан яна 41 та тиббиёт (клиник) йўналиши бўйича даволаш-профилактика муассасалари учун миллий клиник протокол ва даволаш стандартлари рўйхати тасдиқланди.
Миллий клиник протокол ва даволаш стандартлари барча давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига етказилиб, улар 2025 йил 3 мартдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг амалиётига жорий қилинади. Бунда миллий клиник протокол ва даволаш стандартларини қайта ўрганиш орқали такомиллаштириб бориш чоралари кўрилади.
Тасдиқланган миллий клиник протокол ва даволаш стандартлари 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат, магистратура, клиник ординатура босқичлари, шунингдек, шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларига киритилган ҳолда таълим жараёнини ташкил қилинишини таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда вазирликнинг www.ssv.uz расмий сайтида клиник протоколлар ва стандартлар бўлими мавжуд бўлиб, унда бу борада қабул қилинаётган ҳужжатлар, тасдиқланган миллий клиник протоколлар ва тиббий стандартлар билан батафсил танишиш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
