ССВ: Андижон вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти танқидий таҳлил қилинди
2024-12-26 19:10:00 / Янгиликлар

Видеоконференц-алоқа шаклидаги ушбу мажлисда вазир ўринбосарлари, жойлардаги студиялардан барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари масъуллари иштирок этди.
Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров олиб борди.
Дастлаб жорий йил 24 декабрь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, уларни амалга ошириш юзасидан жойлардаги масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг мажлисда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида ўтказилган ўрганиш ишлари натижалари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.
Хусусан, вазир бугунги кунда вилоятда тиббиёт йўналишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати талаб даражасида эмаслиги, айрим туман тиббиёт бирлашмаларида 1103 қисқа рақамли "Ишонч телефони" фаолияти ҳалигача йўлга қўйилмаганини жиддий танқид остига олди.
Қолаверса, баъзи туманларда маҳалла тиббиёт пунктлари ва кундузги стационарлар фаолияти самарали ташкил этилмагани қайд этилиб, бу борада сусткашликка йўл қўйган масъулларнинг лавозимга лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши таъкидланди.
Йиғилишда қандли диабет, сил касалликлари профилактикаси самарадорлигини ошириш, вилоят аҳолиси орасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини кенг йўлга қўйиш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари билан таъминлаш, оналар ва болалар саломатлигини асраш, соҳада коррупцияга қарши курашиш, кадрлар таъминоти ва уларнинг салоҳиятини ошириш каби бир қатор масалалар ҳам таҳлил этилиб, бу бўйича тиббиёт ходимлари олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, мажлисда вазир А.Худаяров 2025 йил соғлиқни сақлаш тизимида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ишлаш, соҳага инвестиция киритиш, тиббиётни, хусусан, патронаж хизматини халққа янада яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини айтиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
