ТИББИЙ ТАЪЛИМ: Соҳа учун жаҳон стандартлари асосида мутахассислар тайёрланмоқда
2024-12-24 16:10:00 / Янгиликлар

Ҳозир мамлакатимиздаги 12 та давлат тиббиёт олий таълим муассасасида соҳа учун мутахассислар тайёрланяпти. Шунингдек, Россия, Корея, Германия, Беларусь, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша давлатларининг 25 та университети билан бакалавриат йўналиши, магистратура ва клиник ординатура мутахассислиги бўйича халқаро қўшма таълим дастурларига мувофиқ 1,5 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда.
Шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртларимиз талабалари орасида Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Туркманистон, Қозоғистон каби 20 дан зиёд давлатлардан келиб билим олаётган 5,7 минг нафарга яқин ёшлар ҳам бор.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ тиббиёт коллежлари негизида ташкил этилган 72 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 7 та йўналиш бўйича ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланяпти.
Ўз навбатида, Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси ташкил этилди. Мазкур муассаса қошида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети факультети ҳам очилди.
Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг билимларини (асосий, клиник ва амалий кўникмаларини) икки босқичли баҳолаш ва уларнинг малакасини тасдиқлашнинг миллий тизими шакллантирилди.
Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун узлуксиз касбий таълим портали жорий этилди.
Муҳими, ана шу соҳадаги ютуқларимиз халқаро миқёсда ҳам тан олиняпти, эътироф этилмоқда.
Чунончи, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат стоматология институти ва Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг бакалавриат, магистратура, клиник ординатура мутахассисликлари халқаро аккредитациядан ўтказилди ва махсус сертификатни қўлга киритди.
Бинобарин, Ўзбекистоннинг 8 та тиббиёт олий ўқув юрти дунёнинг ТОП-1000лик рейтингига кириш учун халқаро “reporter” мақомига эга бўлди.
Ўз навбатида, Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетида мазкур ўқув юртининг Тошкентдаги филиали учун 30 нафар ўзбекистонлик клиник ординатор тайёрланаяпти.
Республика ихтисослаштириган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 8 таси халқаро аккредитациядан ўтказилди.
2024 йилда 520 нафар маҳаллий мутахассис 37 та хорижий давлатнинг етакчи тиббиёт ва таълим муассасаларида малака оширди. Бунда малака ошириш жараёнига 168 нафар етакчи хорижий мутахассислар жалб этилди.
Мамлакатимизда клиник ординатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари ва шаффоф тизим асосида ўтказилиши йўлга қўйилгани ҳам жорий йилдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди. Ўз навбатида, кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида иш ҳақи тўланадиган интернатура ташкил этилиши белгиланди.
Олий таълим муассасаларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий университетларда ўқиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор юқори салоҳиятга эга хусусий шифохоналарга клиник ординаторларни тайёрлаш учун рухсат берилди.
Буларнинг барчаси тиббиёт соҳасини янги босқичга кўтаришга қаратилган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
