Тошкент давлат стоматология институти Хитойда қандай келишувга эришди?
2024-12-16 14:05:00 / Янгиликлар

Сафар давомида делегациямиз томонидан мазкур давлатнинг тиббий-диагностик ускуналари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи йирик корхонаси бош директори ҳамда халқаро фаолият билан шуғулланувчи менежерлари билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан музокаралар ўтказилди.
Мулоқот давомида қайд этилганидек, Тошкент давлат стоматология институтининг халқаро алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Яқинда мазкур институт саъй-ҳаракати билан ўтказилган VII Халқаро стоматологлар конгрессида Англия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлардан 300 нафардан зиёд мутахассис иштирок этгани бунга яққол мисол бўла олади.
Конгресс давомида ёш мутахассислар ва амалиётчи стоматологлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Энг муҳими, дунё бўйича топ мингталикка кирувчи илғор стоматология марказлари ҳамда турдош олий ўқув юртлари билан меморандумлар имзоланди.
Айни пайтда ушбу тадбирда намойиш этилган илм-фан ютуқлари амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
Тошкент Давлат стоматология институтининг халқаро ютуқлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси аккредитациясидан ўтди;
ISO халқаро сифат сертификатига эга бўлди;
дунёнинг қатор нуфузли стоматологик ассоциацияларига аъзо бўлди;
маҳаллий ва хорижий грантлар асосида амалий-илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги пайтда дунёнинг нуфузли турдош олий ўқув юртларининг 60 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари бўлғуси стоматологларга сабоқ бериб келаётганини ҳам институт ютуқлари қаторига киритиш мумкин.
Хитойлик ҳамкорлар билан музокара жараёнида ўзаро алоқаларни изчил йўлга қўйиш, юртимизда холдинг тармоқ корхонаси фаолиятини ташкиллаштириш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
