Миллий тиббиётимиздаги ютуқларнинг халқаро эътирофи
2024-12-14 16:15:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизнинг мазкур давлатдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир доирасида жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, жумладан, мамлакатимиз тиббиётидаги янгиланишлар намойиш этилди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Ушбу олий таълим муассасаси ўзининг 50 йиллик тарихи давомида салмоқли натижаларга эришди.
Бу ерда таълим жараёни бакалавриатнинг 7 та таълим йўналиши, магистратуранинг 35 та мутахассислиги ва клиник ординатуранинг 29 та йўналиши бўйича 7 та факультет ҳамда 40 та кафедрада амалга оширилмоқда.
Институтда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан биргаликда халқаро факультет ҳам ташкил этилган бўлиб, унда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаб келинаётир.
Муассаса инфратузилмаси “кампус” шаклига келтирилган бўлиб, унинг таркибида ўқув бинолари, ахборот-ресурс маркази, симуляция ўқув маркази, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда спорт мажмуаси, талабалар ошхонаси ва ётоқхоналари, клиника ҳамда академик лицей мавжуд.
Институтнинг халқаро фаолияти таҳсинга лойиқ. Яъни 30 та давлатнинг 100 дан зиёд таълим ва илмий муассасалари билан шартномалар ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзолаган.
Бундан ташқари, ўқув юртида таълим жараёнини рақамлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, институт “ақлли университет” (SMART UNIVERSITY) концепциясига ўтган бўлиб, ўз видеоконференцалоқа тизими ва медиа веб-порталига эга, ўқув жараёнларида эса виртуал реаллик элементлари ҳамда голографик технологиялар кенг қўлланиб келинмоқда.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти "Times Higher Education" халқаро рейтинг агентлигининг хулосасига кўра, дунёнинг ТОП-1000 университетлари рейтингида “репортёр” мақомида ўрин эгаллагани ҳам, шубҳасиз, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий натижаси ва халқаро эътирофидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
