Дунёнинг юздан зиёд тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари Самарқандда жам бўлди
2024-12-13 17:15:00 / Янгиликлар
Унда Германия, Россия, Туркия, Озарбайжон, Малайзия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби йигирмага яқин давлатларнинг юздан зиёд университет ва институтларида таҳсил олаётган 730 нафардан ортиқ талаба оффлайн ҳамда 4000 нафарга яқини онлайн форматда иштирок этяпти.
Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяров ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шариповнинг видеотабриги намойиш этилди.
Бинобарин, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Ж.Ризаев қайд этганидек, мазкур нуфузли беллашув талабалар билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлаш баробарида, жаҳоннинг қатор тиббиёт олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкмлашга замин яратади.
Қатнашчилар икки босқичда — тест синовлари ва амалий топшириқларни бажариш шартлари асосида беллашяпти.
Ўз навбатида, Самарқандда жам бўлган иштирокчилар жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи 7-авлод симуляция роботлари орқали ўз кўникмаларини синовдан ўтказмоқда.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида иш олиб бораётган олимпиада доирасида юртимиздаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва хорижий тиббиёт коллежлари ўқувчилари ўрасида ҳам халқаро олимпиада ташкил қилиняпти.
Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва ўзбекистонлик етакчи мутахассислар томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ҳамда бошқа долзарб масалаларга бағишланган семинарлар, маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
