“ДОКТОР ҲАУС” — ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ СЕВИМЛИ СЕРИАЛИ
2024-11-12 09:20:00 / Янгиликлар

2004 йили яратилган, америкалик киноижодкорлар томонидан саккиз йил давомида суратга олинган, саккиз мавсумдан иборат тиббий драма — “Доктор Ҳаус” сериали воқеалари Пристон университетида жойлашган Фрист клиник марказида бўлиб ўтади.
Шифокорнинг фарзанди гавдалантирган образ
Қўпол, ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайдиган, беморлардан кўра уларнинг касаллиги билан яхшироқ чиқишадиган даҳо! Бу образни жонлантирган Хю Лори Британия драматургиясига қўшган ҳиссаси учун Британия империяси офицери орденига сазовор бўлган. У ижтимоий антропология йўналишида таҳсил олган. Шунингдек, профессионал спорт билан ҳам шуғулланади.
Хю Лорининг отаси — шифокор. Актёр ўз отасини пародия қилгани учунгина катта миқдорда гонорар олишидан уялганини яширмаган. Кастинг пайтида ҳам Лори иккинчи даражали роль ўйнайман, деб ўйлаган. Дастлаб у доктор Ҳаус каби бемаъни ва худбин одам қандай қилиб бош қаҳрамон бўлиши мумкинлигини тушунмаган.
Доктор Ҳаус — Шерлок Холмс
Сериал муаллифи Девид Шор Грегор Ҳаус образи Артур Конан Дойл асарининг қаҳрамони Шерлок Холмсга тақлидан яратилганини таъкидлайди.
Шифокор Грегор Ҳаус ва детектив Шерлок Холмс ўртасидаги ўхшашликларни бутун сериал давомида кўриш мумкин. Бу телесериал сюжетининг турли элементларида кузатилади. Ҳауснинг касаллик жумбоғи ечимига психологик ёндашуви, қизиқарсиз, деб билган ишларга қўл урмаслигини, муаммоларга эса совуққонлик, шу билан бирга ҳазиломуз ёндашувида шу тақлиднинг изларини кўрамиз. Икки қаҳрамон ҳам ўз ишида “пихини ёрган”лардан. Гапга уста, юксак интеллект соҳиблари.
Ҳауснинг уй манзили 221-Б хонадон, Конан Дойл асарида Холмснинг манзили ҳам шундай бўлган. Яна Ҳаус билан Холмснинг ўхшашлик тарафларига мусиқани ҳам киритиш мумкин: Холмс скрипка, Ҳаус пианино ва гитара чалади.
Ҳауснинг доктор Жеймс Уилсон билан дўстлиги Холмснинг биродари доктор Жон Ватсонга ишора қилади. Уилсон ролини ижро этувчи Роберт Шон Леонард аввалига унинг қаҳрамони ва Ҳаус телесериалда Шерлок Холмс ва Доктор Ватсон ролларини ўйнаши керак эканини айтган экан, аммо Ватсоннинг “маслаҳатчилик” позицияси Ҳауснинг жамоасига “юкланади”.
“Жарроҳлик амалиётлари бўйича қўлланма”
Телесериалда турли хил персонажлар Шерлок Холмс ҳақидаги асар қаҳрамонларининг исми билан аталади. Иккинчи мавсумдаги сериялардан бирида Ҳаус “Мориарти” исмли ақлини йўқотган босқинчи томонидан жароҳатланади. Шунингдек, биринчи қисмдаги асосий беморнинг исми — Ребека Адлер, бу ном Шерлок Холмснинг илк ҳикоясидаги Ирен Адлернинг номидан олинган.
Тўртинчи мавсумнинг бир қисмида Ҳаус совға сифатида “Жарроҳлик амалиётлари бўйича қўлланма” китобини олади. Бу китоб Шерлок Холмснинг прототипи бўлган Жозеф Белл томонидан ёзилган.
“Ҳамма ёлғон гапиради”
Ҳауснинг афсонавий “Ҳамма ёлғон гапиради” жумласи бошқа сериалдан олинган. Бу гап илк бор “Клиника” фильмида доктор Боб Келсо номидан айтилади. Сериалда МРT аппарати кўпинча “ёлғон детектори” сифатида ишлатилади. Ушбу ускуна ҳақиқатан ҳам ёлғончини фош қилишга ёрдам беради — реал вақтда томография мия фаолиятидаги ўзгаришларни қайд этади.
“Доктор Ҳаус” телесериали шу пайтга қадар етмишга яқин мамлакатда намойиш қилинган. 2008 йил дунё бўйича энг кўп кўрилган телевизион фильм сифатида тан олинган. Шу кўрсаткич бўйича “Гиннес рекордлари” китобига ҳам киритилган. Беш марта “Эмми”, икки марта “Олтин глобус” ҳамда “Пибоди” мукофотлари билан тақдирланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
