Малака оширишнинг гибрид тизими ҳамшираларга қандай қулайликлар яратади?
2024-10-31 16:20:00 / Янгиликлар

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари бугун замон талабларига мос тарзда таълим жараёнларини такомиллаштириб бормоқда. Сўнгги русумдаги компьютер технологиялари, тиббий ускуналар ва муляжлар, шунингдек, малакали профессор-ўқитувчилар бу ерда таълим сифатини юксалтиришда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ҳар шанба машғулотлар онлайн ўтилади”
Одатда ҳамширалар учун малака ошириш курслари иш жойидан ажралган ҳолда, ҳафтасида 6 кунлик ўқув режа асосида ташкил этилади, — дейди Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директори Лола Мусажонова. — Муассасамиз ва унинг айрим филиалларида тажриба тариқасида ўқув ҳафтасининг бир кунида онлайн тартибда ўқитишни йўлга қўйдик.
Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Марказимиз республика бўйича бош муассаса бўлиш билан бирга, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамширалари малака оширадиган база ҳисобланади. Узоқдан қатнайдиган ўрта тиббиёт ходимларимиз якшанба кунлари уйга бориб-келиш, оиласи ва фарзандларига вақт ажратишга қийналарди. Оқибатда улар орасида дарс қолдиришга мажбур бўлганлар кузатиларди. Шуларни ҳисобга олиб, шанба кунги ўқув курсларини онлайн тарзда олиб боришга имкон яратдик.
Табиийки, бу жараён машғулотлар сифатига салбий таъсир қилмаслиги зарур эди. Гибрид таълимни ташкил этиш мақсадида алоҳида онлайн платформа ишлаб чиқдик. Унда зарур маърузалар юклаб қўйилган. Ҳамшира ана шу машғулотларни тинглаб бўлгач, автоматик равишда мавзу юзасидан тест топшириқларини бажаради.
Янгиликнинг афзаллиги нимада?
Ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш тизимининг гибрид шакли қатор қулайликлар яратади. Жумладан, онлайн ўқитишнинг асосий афзалликларидан бири мослашувчан жадвалдир. Ҳамширалар иш вақтига мос равишда онлайн курсларни танлашлари мумкин. Ушбу турдаги ўқитиш ўрта тиббиёт ходимларига исталган жойдан ва исталган вақтда таълим олиш имконини беради. Бу, айниқса, қишлоқ жойларда ёки узоқ ҳудудларда яшовчилар учун жуда фойдали.
Онлайн платформалар орқали ҳамширалар кенг қамровли таълим материалларига, жумладан, видеодарслар, вебинарлар, электрон китоблар ва илмий мақолаларга кириш имкониятига эга бўлади. Замонавий технологиялар ва интерактив ўқув воситалари эса таълим жараёни янада қизиқарли ва самарали бўлишини таъминлайди.
Онлайн курслар кўпинча анъанавий офлайн машғулотларга қараганда арзонроқ бўлади. Сафар, яшаш ва бошқа қўшимча харажатлар камаяди.
Гибрид тизим онлайн тарзда билим олиш ва амалий машғулотларни офлайн шаклда ўтказиш имконини беради. Бу эса ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни ривожлантиришда қўл келади.
Ҳамширалар амалий машғулотлар орқали беморлар билан бевосита ишлашни ўрганади. Бу уларнинг касбий маҳоратини оширади ва ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Муаммоли масала ҳам бор...
Онлайн таълим учун барқарор интернет алоқаси зарур. Олис ва чекка манзиллар, қишлоқ ҳудудларида бу муаммоли масала бўлиши мумкин. Баъзи ҳамширалар учун техник воситалардан фойдаланиш маълум қийинчиликларни туғдириши ҳам кузатилади.
Мазкур жараёнда таълим берувчиларнинг малакаси ва ўқув материалларининг сифати муҳим роль ўйнайди. Бунда ҳамшираларнинг билим ва кўникмаларини назорат қилиш қийинлашади. Симуляция ва лаборатория машғулотларини ўтказиш ҳам имконсиз бўлади.
Таълим жараёнини самарали ташкил қилиш учун технологик имкониятлар, педагоглар малакаси ва амалий машғулотлар муҳимлиги инобатга олинади. Офлайн ва онлайн таълимнинг яхши ташкил этилиши ҳамшираларнинг билим ва кўникмаларини юқори даражада оширишга ёрдам беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
