Тошкент тиббиётга оид йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилади
2026-11-26 15:50:00 / Янгиликлар

Таъкидлаш жоиз, МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллиги нишонланаётган 2026-йил Ҳамдўстликда "Саломатликни муҳофаза қилиш йили" деб эълон қилинган. Жорий йил Кенгашга Ўзбекистон раислик қилмоқда.
Йиғилишда аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси масъуллари, шунингдек, соҳанинг етакчи экспертлари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида "Саломатликни муҳофаза қилиш йили" доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда Ўзбекистоннинг Кенгашга раислиги якунлари сарҳисоб қилинади. Шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатларининг тиббиёт соҳасида эришган ютуқлари тақдим этилиб, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинади.
Учрашув кун тартибидан "МДҲга аъзо давлатлар аҳолиси саломатлиги" стратегиясини янгилаш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юқори технологик тиббиётни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, санитария-эпидемиологик хавфсизликни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар ҳам ўрин олган.
Шу куннинг ўзида 2026–2030-йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича иккинчи "йўл харитаси"ни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтади.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси кўмагида минтақанинг беш давлати томонидан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат қўшма ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш ва инвеститсияларни жалб қилиш орқали минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда руҳий саломатликни асраш ҳужжатнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
ССВ Матбуот хизмати
