ССВ: Сўнгги 7 йилда кўз микрохирургияси маркази 150 та юқори технологик тиббий ускуна билан таъминланди
2024-10-09 16:40:00 / Янгиликлар

Бу ҳақда муассаса директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Юсупов батафсил гапириб берди:
— Марказда ногиронликнинг асосий сабаблари бўлган глаукома, кексалик макулодистрофияси, диабетик ретинопатия, тўр парда кўчиши каби оғир ва мураккаб кўз касалликларининг профилактикаси ҳамда уларни эрта аниқлаш ва даволаш амалга оширилади.
Муассаса замонавий юқори технологик тиббий ускуналар билан жиҳозланган, сўнгги 7 йилда эса қўшимча 150 та шундай ускуна билан таъминланди.
Офтальмологларимиз катаракта ва глаукома, реконструктив, шох парда, пластик, лазер жарроҳликлари, болаларда кўзларни махсус компьютер дастурлари асосида реабилитация қилиш ва кўзни протезлаш амалиётларини муваффақиятли бажаришмоқда. Ҳудудий филиалларда ҳам факоэмульсификация, лазер жарроҳлик даволаш усуллари, оптик когерент томография, ультратовушли биомикроскопия диагностика усуллари кенг жорий қилинган.
Катаракта касаллигида факоэмульсификация усулини қўллаб, турли хил сунъий гавҳарлар (ИОЛ), шунингдек, мультифокал, яъни узоқ ва яқинни кўзойнаксиз кўриш имконини берадиган сунъий гавҳар имплантацияси амалга оширилмоқда. Кўзнинг рефракция аномалияларида, хусусан, астигматизм ҳолатларида эса гавҳарни градусли ИОЛга алмаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, бунда беморнинг кўриш қобилияти деярли идеал кўрсаткичларгача етказилади. Ҳар йили 4 мингдан зиёд шундай жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Бундан ташқари, марказ касалланган шох пардани тиниқ донор шох пардага алмаштириш жарроҳлик амалиётини ўтказадиган ягона кўз клиникасидир. Донор материаллари АҚШнинг Флорида штати, Тампа шаҳридаги “Lions Eye” Трансплантология ва тадқиқот институтининг кўз банкидан келтирилади. Ҳар йили 60-70 нафар беморга шох парда касалликларида уни кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти бажарилади. Бу технологияларни татбиқ этишдан аввал бундай беморлар кўрликка, ногиронликка мубтало бўлар ёки катта маблағ сарфлаб, хорижга бориб даволанишга мажбур бўларди.
Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида яқинда АҚШнинг “Lions Eye” Трансплантология ва тадқиқот институтининг Шох парда трансплантацияси маркази билан меморандум имзоладик. Натижада энди юртимизда Марказий Осиёда биринчи кўз банки яратилиб, беморларни донор шох парда билан таъминлаш масаласи ўзимизда ҳал этилади.
Муассасада йилига 800 га яқин глаукомага қарши жарроҳлик амалиёти замонавий технологиялар асосида бажарилиб, уларнинг 40-45 фоизи лазерли усуллар билан амалга оширилади. Лазер жарроҳлиги бўлимида йилига диабетик ретинопатия, глаукома, кўзнинг олд ва орқа қисмларида 2500 дан зиёд жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Ҳар йили 800 дан ортиқ оптик-реконструктив жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Ҳозирги вақтда офтальмологияда юқори технология талаб қилинадиган катаракта, глаукома, тўр парда кўчиши, ретинопатиялар, гемофтальм, рефракция аномалиялари касалликларида келиб текширилган ва даволанган беморларнинг сони ошиши сабабли жорий этилган юқори технологик даволаш усулларининг сони 2 баробардан 5 баробаргача кўпайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
