Ўзбекистон — Россия: Тиббиёт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" имзоланди
2026-10-21 18:10:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган мулоқоти тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Хусусан, айни пайтда кадрлар тайёрлаш, замонавий ташхислаш ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш, юқори технологик тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш бўйича қатор қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил кенгаймоқда. Хусусан, Тошкентда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиали ташкил этилмоқда. Айни пайтда лойиҳа доирасида таълим ва клиник базани, professor-ўқитувчилар таркибини шакллантириш ҳамда симуляция-аккредитация марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича ишлар амалга ошириляпти.
Томонлар юқори технологик тиббий ёрдамни ривожлантиришга доир ҳамкорликни янада кенгайтириш лозимлигини қайд этдилар. Ўз навбатида, фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, онкологик ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш, юртимизда ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгиловчи "йўл харитаси" имзоланди.
ССВ Матбуот хизмати.


