Расмий муносабат
2026-10-02 11:30:00 / Янгиликлар
“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Харидлар маркази” давлат муассасаси томонидан Республика тиббиёт муассасалари учун 4 дона МСКТ тиббий жиҳозини харид қилиш мақсадида махсус ахборот порталида 497870-сонли лот бўйича белгиланган тартибда тендер ўтказилган.
Тендер якунлари бўйича “SKYMED Technologies” МЧЖ томонидан эътироз хати келиб тушган. Мазкур мурожаат Харид комиссияси томонидан белгиланган тартибда ўрганилиб, тендер иштирокчиларининг техник таклифларини баҳолаш жараёнида тиббиёт муассасалари эксперт гуруҳи томонидан айрим техник хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.
Хусусан, сервис хизматини кўрсатиш бўйича белгиланган мезон асосида ғолиб иштирокчига асоссиз равишда қўшимча 1 балл берилган.
Шу муносабат билан, Харид комиссиясининг 2026 йил 18 сентябрдаги қарорига асосан 497870-сонли лот бўйича тендер натижалари бекор қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 2026 йил 21 сентябрдаги мазкур тендер юзасидан ўрганиш ўтказиш мақсадида тендер иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тақдим этиш сўровига “Харидлар маркази” томонидан 22 сентябрда жавоб берилиб, тендер натижалари бекор қилинганлиги ҳамда бунга сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот берилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тендер натижаларининг бекор қилиниши техник баҳолаш жараёнида аниқланган хатоликлар билан боғлиқ бўлиб, тегишли қарор Харид комиссияси томонидан ўрганиш натижаларига кўра қабул қилинган.
“Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги
Харидлар маркази” давлат муассасаси.
