ССВ: Урология марказида буйрак тош касаллиги 97 фоиз ҳолатда кам инвазив усулда даволанмоқда
2024-09-24 14:50:00 / Янгиликлар

Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази юртимизда ушбу соҳада бош илмий-текширув ва даволаш муассасаси ҳисобланади.
Бу ерда энг илғор технологиялар асосида деярли барча турдаги урологик тиббий хизматлар кўрсатилади.
Хусусан, марказ поликлиникасида беморлар уролог, андролог, нефролог, кардиотерапевт, УТТ шифокори, рентгенолог каби тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтиши, шунингдек патогистолог ва шифокор-цитологдан зарур маслаҳатлар олиши мумкин.
Касалликларга тез ва аниқ ташхис қўйишда МСКТ, комплекс уродинамик текширувлар, ультратовушли допплерография, рақамли рентген каби энг замонавий тиббий-асбоб ускуналардан фойдаланилади.
— Ўтган йили марказда 30,5 минг нафардан зиёд бемор даволаниб, уларнинг 9 мингга яқинида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Эътиборлиси, ушбу операцияларнинг 75 фоиздан ортиғи юқори технологик усулда бажарилган, — дейди марказ директори ўринбосари Нодир Раҳимов.
Марказда узоқ ва яқин хориж давлатларидан келган фуқароларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти.
Муассасада барча турдаги эндоурологик, ретроперитонеоскопик ва лапароскопик хамда пешоб йўли тошларини масофадан туриб майдалаш каби юқори технологик ва кам инвазив операциялар йўлга қўйилган.
Бунинг натижасида очиқ турдаги жарроҳлик амалиётлари ҳажми 2,5 фоизгача қисқартирилди. Бу — дунёнинг етакчи клиникалари даражасидаги кўрсаткичдир.
Юртимизда урология соҳасига робот жарроҳлигининг кириб келгани энг катта янгиликлардан бири бўлди. Ушбу технология ёрдамида хирургик амалиётларни бажаришни ўрганиш мақсадида марказ мутахассислари АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа қатор хорижий мамлакатларнинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтди.
Таъкидлаш жоиз, бугун юқори технологик урологик операциялар нафақат марказ, балки республикамизнинг бошқа худудларида ҳам муваффақиятли бажариб келинмоқда.
Бунинг учун муассасанинг етакчи мутахассислари вилоят, шаҳар ва туманлардаги шифохоналар урологларига тегишли амалий-услубий ёрдам кўрсатиб келяпти.
Марказда маҳаллий ва хорижий урологларнинг малакасини ошириш мақсадида эндоурология, лапароскопия, трансуретрал, масофадан туриб тошни майдалаш каби йўналишлар бўйича ихтисослик олиш учун 1-5 ойлик махсус дастурлар йўлга қўйилган бўлиб, улар асосида бугунги кунга қадар 180 нафардан зиёд мутахассис тайёрланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
