ССВ: Яна бир марказ халқаро стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтди
2024-09-20 16:10:00 / Янгиликлар

Бу эса юртимизда ихтисослаштирилган тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, бу борада фаолият юритаётган марказлардаги шароитларни яхшилаш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий қилишга катта эътибор қаратилаётганининг натижасидир.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази аҳолига бу йўналишда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга масъул бўлган, вертикал бошқарувга эга бош муассаса ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, марказ халқаро миқёсда юқори даражадаги алоқаларни ривожлантириш орқали ўзининг илмий ва амалий салоҳиятини кенгайтирмоқда. АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Беларусь Республикаси, Туркия, Ҳиндистоннинг етакчи марказ, клиника ҳамда университетлари билан ўрнатилган алоқалар энг илғор тиббий технологиялар ва даволаш усулларини ўрганиш, замонавий тиббий ва илмий тадқиқотлар ҳамда таълим ресурсларида иштирок этиш, клиник тажриба алмашишга қаратилган.
Муҳими, соҳага инновацион диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш, кадрлар малакасини ошириш асосий масалага айланган. Марказда рақамлаштириш тизимининг фаол татбиқ этилиши эса тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги ошиши ва беморларга қатор қулайликлар яратилишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда марказ олимлари генодерматоз ва онкодерматоз муаммолари, терининг замбуруғли ва вирусли касалликлари, жинсий йўл билан юқувчи янги хасталик турларини аниқлаш, дерматокосметология ва соч кўчириб экиш бўйича катта ютуқларга эришмоқда.
Шунингдек, муассасанинг ҳудудий филиалларида тери ва унинг ҳосилалари касалликлари, туғма ёки орттирилган косметик етишмовчиликларни муолажа қилишда илғор ёндашувлар амалиётга татбиқ этилди.
Очиғини айтиш керак, юртимизда яқин-яқингача буллёзли эпидермолиз ва ихтиоз каби ноёб генетик дерматозлар бўйича ихтисослашган тиббиёт муассасаси бўлмаган ва касалликнинг жиддий ҳолатларида беморлар чет элга бориб, даволанишга мажбур эди. Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор туфайли марказ қошида Марказий Осиёда ягона — генодерматозларни даволаш бўйича бўлим ташкил этилган.
Марказ илмий изланишлар асосида маҳаллий хомашёдан тайёрланадиган тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқиш борасида ҳам катта ютуқларга эришяпти.
— Халқаро экспертлар муассасамиз фаолиятини 6 ойдан ортиқ муддат давомида диққат билан ўрганишди, — деди марказ директори Улуғбек Сабиров. — Эндиликда ушбу аккредитация бизнинг халқаро стандартлар асосида иш олиб боришимизни тасдиқлайди ва бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Галдаги мақсадимиз — ҳудудий филиалларимиз фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг ҳам халқаро аккредитациядан ўтишига эришиш.
Аккредитация сифат ва хавфсизлик сертификати ҳисобланиб, тиббий марказнинг халқаро стандартлар асосида иш олиб боришини ва унда беморлар учун хавфсиз муҳит мавжудлигини англатади. Хусусан, чет элдан келадиган беморлар ҳам даволаниш учун халқаро талабларга жавоб берадиган муассасаларни танлайди. Шунингдек, халқаро аккредитация марказга инвесторлар ва стратегик ҳамкорларни жалб қилиш имконини оширади.
Маълумот учун: Соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича аккредитация маркази (ACQH) 15 йил давомида тиббиёт ташкилотларини ҳар томонлама баҳолашни амалга ошириб, соҳада сифат стандартларини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Марказ аккредитация қилувчи орган сифатида Соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича халқаро жамият (ISQua) томонидан 4 та йўналиш бўйича сертификат олган МДҲдаги биринчи ва ягона ташкилотдир. Ушбу сертификат ACQHнинг ички ва ташқи жараёнлари “Joint Commission International”, “Accreditation Canada” каби аккредитация қилувчи ташкилотлар қаторида энг юқори халқаро талабларга жавоб беришини англатади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
