Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун янги давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилмоқда
2026-09-05 10:50:00 / Янгиликлар

Мутахассисларнинг касбий малакаси мустақил равишда, шаффофлик принциплари асосида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан баҳоланади.
2030 йилга қадар рўйхатдан ўтиш ихтиёрий, махсус имтиҳон орқали ёки малака тоифаси берилаётганда автоматик тарзда 5 йил муддатга амалга оширилади. Аввал берилган малака тоифалари эса муддати тугагунга қадар кучда қолиб, устамалар ва лавозим ҳуқуқлари сақланади.
2030 йилдан кейин ҳам имтиҳондан ўта олмаган ходим ишдан четлатилмайди, унга бир йил ичида қайта имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилиб, иш фаолияти давом эттирилади.
Уч йил ва ундан кўп вақт давомида ишламаган ходимлар учун ҳам имконият яратилади. Улар ихтисослашув курсларини тамомлаб, қайта рўйхатдан ўтса кифоя, муддати тугамаган тақдирда эса имтиҳон умуман талаб этилмайди.
Камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга шифокорлар учун эса энг катта имтиёз белгиланган. Улар ҳеч қандай имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади. Кўп йиллик тажриба ва илмий салоҳият шу тариқа расман тан олиниб, улар қўшимча синовлардан озод этилади.
Баҳолаш тизими халқаро даражада тўлиқ модернизация қилинади.
ССВ Матбуот хизмати.
