Нега ҳомиладор аёллар TОRCH-инфекциясига таҳлил топшириши шарт?
2024-09-05 15:10:00 / Янгиликлар

Хўш, бу вируслар гуруҳи нимаси билан хатарли?
Ушбу саволга Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева жавоб берди.
— Туғилажак фарзанднинг соғлом дунёга келиши, энг аввало, онанинг саломатлигига боғлиқ, — дейди мутахассис. — Шу сабабли ҳар бир аёл ҳомиладорликка олдиндан тайёргарлик кўриши лозим. Қолаверса, бу жараёнда даволовчи шифокор (гинеколог) билан бамаслаҳат иш кўриш, турли вируслардан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Шулардан бири TORCH инфекцияларидир.
XX асрнинг 70-йилларида олимлар томонидан алоҳида инфекциялар гуруҳи шакллантирилди. Мазкур гуруҳга киритилган инфекциялар лотинча номларининг биринчи ҳарфларига кўра TORCH-инфекциялари деб аталади.
Яъни:
TO - токсоплазмоз (Toxoplasmosis);
R - қизилча (Rubella);
C - цитомегаловирус инфекцияси (Cytomegalovirus);
H - герпес инфекцияси (Herpes simplex virus).
Аслида бу инфекциялар аксарият одамларда болаликдан бўлиши мумкин ва ҳаёти давомида улар соғлигига жиддий зарар етказмайди. Аммо аёлнинг ҳомиладорлик даврида иммунитети пасайган вақтда улар хавфли ҳисобланади.
Шуни айтиш керакки, TORCH-инфекциялари ўз вақтида аниқланмаса, туғилажак болада жиддий асоратлар келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, улар ҳомиланинг барча тизимлари ва органларига, айниқса, унинг марказий асаб тизимига зарарли таъсир кўрсатиши, ҳомила тушиши, ўлик туғилиши хавфини оширади.
Шунингдек, мазкур инфекциялар туфайли ҳомиланинг кўз, қулоқ, юрак ва бошқа органлари зарарланиши, бола норасо дунёга келиши (кичик бош ёки микроцефалия) эҳтимоли мавжуд. Шу боисдан кўпинча ҳомиладор аёлнинг TORCH-комплекси инфекциялари билан касалланиши ҳомиладорликни тўхтатиш учун тўғридан-тўғри кўрсатма ҳисобланади.
Шу сабабли ушбу текширувдан ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал ўтиш зарур. TORCH-инфекцияларини барвақт аниқлаш уларни даволаш ва профилактик тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш имконини беради.
(Давоми бор)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
