Ўзбекистон ва Саудия Арабистони: Соғлиқни сақлаш соҳасидаги янги лойиҳалар
2026-07-27 18:35:00 / Янгиликлар
Тадбирда Президент Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тамила Алиева, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқотда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация билан икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда Саудия Арабистони билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Келгусидаги режалар ҳам талайгина.
Жумладан, “Vision International Investment Company” иштирокида Фарғонада 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона қурилиши ҳамда унинг негизида тиббиёт маркази, ўқув маркази ва меҳмонхонани ўз ичига олган “Fergana Plus” тиббиёт шаҳарчасини барпо этиш ишлари олиб бориляпти.
“Jamjoom Pharm” ҳамда “Sudair Pharma Судаир” компаниялари билан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, “SEHA Virtual Hospital” билан виртуал шифохона ва телетиббиёт тизимини ривожлантириш, “Lean Business Services” билан рақамли тиббиёт ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, “Health Holding” компанияси иштирокида тиббиёт муассасаларини самарали бошқариш, “NUPCO” кўмагида марказлашган харидлар ва логистика тизимини такомиллаштириш, Саудия Миллий тиббий суғурта маркази билан тиббий суғурта механизмларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Тадбирда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий механизмлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ва узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлаб, бугунги учрашув аниқ таклифлар ва амалий ташаббусларга йўл очишига ишонч билдирди. Давра суҳбати давомида томонлар режалаштирилган лойиҳа ва ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашга ва ундан фойдаланишда қатор қулайликлар яратишига ишонч билдирди.
ССВ Матбуот хизмати.
