Кортизол, адреналин, гипофиз... Организмнинг барқарор ишлаши қайси гормонларга боғлиқ?
2024-08-17 09:25:00 / Янгиликлар

Хўш, организмда қайси гормон, қандай вазифа бажаради? Улар фаолиятига қайси омиллар салбий таъсир этиши мумкин?
Ушбу саволларга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Нозимахон Назарова жавоб берди.
— Инсон танаси мураккаб бўлиб, унинг барқарор ишлаши кўп жиҳатдан гормонлар мувозанатига боғлиқ, — дейди мутахассис. — Улар биологик фаол моддалар бўлиб, асосан, ички секреция безларида ҳосил бўлади ва организм функцияларини тартибга солади. Яъни гормонлар бутун танага тарқалиб, аъзо ва тўқималар фаолиятини бир меъёрда бошқаради.
Мисол учун, кальцитонин ва трийодтиронин (Т3) ҳамда тироксин (Т4) қалқонсимон без гормонлари бўлиб, уларнинг биринчиси парафолекулаларидан ажралиб, фосфор ва кальций алмашинувини бошқаради. Трийодтиронин ва тироксин эса тананинг йодга бўлган эҳтиёжини қондиради. Айнан улар қалқонсимон безнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Шунингдек, эстроген — аёллик, тестостерон — эркаклик, адреналин — буйрак усти безида ишлаб чиқарилади. Яъни жинсий гормонлар репродуктив саломатликни тартибга солса, адреналин вужудни стрессга тайёрлайди.
Инсулин эса организмдаги қанд миқдорини бир меъёрда ушлаб туришга “масъул”. Ошқозон ости безида ишлаб чиқарилувчи бу модданинг етишмаслиги қандли диабетни келтириб чиқаради.
Кортизол — стресс, очлик ёки тўқликни назорат қилувчи гормон ҳам дейилади. У қуёш нурида кўп юриш, калориясиз, кам витаминли таомлар ейиш оқибатида камайиб кетади. Бу эса буйраклар фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин. Аксинча кўпайиб кетиши буйракларга ортиқча босим юклайди.
Гипофиз — мия ичида жойлашган ва танадаги барча гормонлар фаолиятини бошқаради. Гормон ишлаб чиқарувчи аъзолар ва эндокрин тизим бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, зарурат бўлмаса, улар фаолиятига аралашиш керак эмас.
Аммо эндокрин безнинг яхши ишламаслиги гормонлар фаолиятига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Бу ҳолат кўпинча турли хавфли ўсмалар, носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, уйқусизлик ва стресс сабаб юзага келади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
