Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини қандай тиклаш мумкин?
2024-08-16 17:40:00 / Янгиликлар

Хўш, антибиотиклар қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклаш учун нималар қилиш керак?
Ушбу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Клиник протоколлар ва стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими бошлиғи Севара Убайдуллаева жавоб берди.
— Антибиотиклар курси тугаганидан кейин рационга пробиотиклар ва пребиотикларга бой маҳсулотларни киритиш керак, — дейди мутахассис. Пробиотиклар — бу ичакни фойдали бактериялар билан тўлдиришга ёрдам берувчи тирик микроорганизмлар, пребиотиклар эса фойдали бактериялар учун озуқа манбаи ҳисобланиб, уларнинг кўпайишига ёрдам беради.
Бундай фойдали бактериялар йогурт, кефир, тузланган карам, пишлоқ, банан, пиёз, саримсоқ каби маҳсулотларда кўп бўлади.
Ичак микрофлорасини тиклаш учун қайта ишланган, ярим тайёр маҳсулотлар, ёғли таомлар, шакар, алкоголь ва кофе истеъмолини чеклаш тавсия этилади. Бундан ташқари, етарли миқдорда сув ичиш, кўпроқ мева-сабзавотлар, бутун донли, оқсил, айниқса С витаминига бой маҳсулотлар тановул қилиш муҳим.
Антибиотик дори воситаларини қабул қилиш оқибатида заифлашган иммунитетни мустаҳкамлаш учун камида 7-8 соат ухлаш, спорт билан шуғулланиш, зарарли одатлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.
Ушбу қоидаларга амал қилган беморларда ичак фаолияти ўртача 1,5-2 ойда тўлиқ тикланади.
Агар антибиотиклар курсидан кейинги асоратлар ушбу муддатдан кўпроқ вақт давомида сақланса, шифокорга мурожаат қилинг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
