Янги имконият: Магистратура ва клиник ординатура дастури асосида хорижда ўқишни ташкил этиш тартиби қандай?
2024-08-16 15:15:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган Тиббиёт олий таълим муассасаларининг битирувчиларини магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва марказларида ўқитиш тартибига асосан:
Танлов ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари томонидан ижтимоий тармоқдаги саҳифалари, расмий веб-сайтлари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Танловда тиббиёт олий таълим муассасасининг, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг жаҳондаги топ – 300 (ёки соҳаси бўйича топ – 100) рейтингига кирган хорижий олий таълим муассасаларига магистратурага ёки вазирлик томонидан ишлаб чиқилган етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда марказларининг рўйхати асосида клиник ординатурага ўқишга қабул қилинганлиги ҳақида ҳужжатга эга битирувчилар иштирок этишлари мумкин.
Клиник ординатура ўқув дастурлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва марказларининг рўйхати ҳудудларда тор соҳадаги мутахассисларга бўлган эҳтиёждан, шунингдек, олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили тасдиқланадиган танлов йўналишларидан келиб чиқиб аниқланади.
Номзодлар зарур ҳужжатларни танлов эълон қилинганидан сўнг бир ой муддат ичида электрон шаклда онлайн платформа орқали тақдим этадилар.
Номзодлар танлов ўтказиладиган муддат ҳақида уч иш куни олдин огоҳлантирилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ҳузурида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари томонидан номзодларнинг рўйхати онлайн тақдим этилган аризалар асосида шакллантирилиб, суҳбат режалаштирилади.
Танлов номзодлар билан улар ёзган иншо (эссе) асосида белгиланган мезонлар асосида баҳоланадиган ҳамда ёзиб олинадиган онлайн видео-суҳбат кўринишида ўтказилади.
Танлов якуни бўйича баённома расмийлаштирилади ҳамда ғолиб деб топилган номзодлар рўйхати Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси Кузатув кенгашига тақдим этилади.
Ғолиблар билан вазирлик томонидан шартнома тузилиб, улар ўқиб келгандан сўнг 5 йил муддат мобайнида давлат тиббиёт муассасаларида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини оладилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
