Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг соҳа ходимлари ва аҳолига МУРОЖААТИ
2026-07-01 08:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Коррупция — мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлувчи жиддий таҳдид. Шу боис Президентимиз бу глобал муаммонинг нақадар хавфли эканини таъкидлаб, уни жамият танасидаги саратон дея таърифлаган эди.
Бу иллатнинг олдини олиш, унинг ҳар қандай кўринишига қарши кескин ва муросасиз курашиш мақсадида Янги Ўзбекистонда турли бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Табиийки, бу инсон ҳаёти ва саломатлигига бевосита масъул бўлган соғлиқни сақлаш тизими ходимлари зиммасига ҳам катта вазифалар юклайди.
Бугун ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган танқидий фикрлар ва мурожаатлар соҳада ечимини кутаётган камчилик ҳамда бюрократик тўсиқлар талайгина эканини кўрсатмоқда.
Шу сабабли олдимиздаги муаммоларни чуқур англаган ҳолда, коррупсияга қарши курашни қатъий йўлга қўйиш мақсадида Сизларга мурожаат қилмоқдаман.
Азиз юртдошлар!
Биласиз, Президентимиз ўтган йили Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида коррупцияни жамиятда ишонч муҳитини издан чиқарадиган жиддий таҳдид дея таърифлаб, унга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилган эди.
Мазкур стратегик сиёсатни амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2026 йил 5 майдаги тегишли Фармонига мувофиқ, вазирлик тузилмаси қайта ташкил этилмоқда. Бугунги кунда вазирлик марказий аппарати замон талабларига мос, янгича фикрловчи, муаммоли масалаларга профессионал ва креатив ёндашадиган малакали кадрлар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, илк бор коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими таъсис қилинди. Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси кенгайтирилиб, Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармасига айлантирилди.
Соҳада коррупциявий рискларни эрта аниқлаш, уларга чек қўйиш ва бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олдини олиш мақсадида шу йилнинг ўтган беш ойи давомида вазирлик тизимидаги ташкилотларда masofaviyaudit.uz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали жами 979 та ҳолатда 514,9 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар эрта аниқланиб, бартараф этилди.
Туғуруқ муассасаларида ҳомиладорлар ва уларнинг яқинларидан “суюнчи” пули ёки кесарча кесиш амалиёти учун ноқонуний ҳақ талаб қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида барча тиббиёт ташкилотлари, жумладан, туғуруқ комплексларида “Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Очиқлик индексида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 87,2 балл билан 97 та ташкилот орасида бирйўла 60 поғона юқорилаб, илк бор “сариқ” даражадан “яшил” даражага кўтарилди. Бироқ ҳали соҳада қиладиган ишларимиз кўп.
Ҳурматли фуқаролар!
Маълумки, коррупция бор жойда одамларнинг давлатга ишончи йўқолади. Ишонч йўқ жойда эса на ислоҳот самара беради, на адолат қарор топади.
Шу боис вазирликда бошланган кадрларни янгилаш сиёсати доирасида келгусида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, умуман, барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиш кўзда тутилган. Бу борада аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлиб хизмат қилади.
Қолаверса, 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади ҳамда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти “E-Komplaens” электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали коррупсиявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган самарали ечимлар ишлаб чиқилади.
Албатта, бу иллатга қарши курашишда тиббиёт ходимлари, шубҳасиз, асосий таянчимиз бўлади. Бундан ташқари, жамоатчиликнинг фаол иштироки ва кўмагисиз бу йўналишда ижобий натижага эришиш мушкул.
Азиз ҳамкасблар! Ҳурматли юртдошлар!
Агар Сиз тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар, тиббиёт муассасалари ёки уларнинг мансабдор шахслари ва ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, бюрократик тўсиқлар, ноқонуний тўловлар талаб қилиниши ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотга эга бўлсангиз, вазирликнинг “1203” қисқа рақамли “Ишонч телефони” ёки info@ssv.uz электрон почта манзили орқали хабар беринг.
Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда, тезкор равишда кўриб чиқилади. Мурожаатчиларнинг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги кафолатланади ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Ишонаманки, биргаликда Янги Ўзбекистон тиббиётини коррупциядан холи, адолатли ва шаффоф тизимга айлантирамиз.
Элдор АДИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазири.
