Юрак туғма нуқсони билан дунёга келган болалар кам инвазив усулда даволанмоқда
2024-08-06 11:40:00 / Янгиликлар

Шундан келиб чиқиб, ҳозир юртимизнинг 8 та тиббиёт муассасасида юрак туғма нуқсони бор болаларда мураккаб кардиохирургик амалиётлар бажариб келинмоқда. Биргина ўтган йили 4 458 нафар ўғил-қизда шундай операциялар ўтказилди. Улардан 987 нафари кам инвазив усулда соғломлаштирилди.
Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Умид Муратов ушбу хасталикнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ва кам инвазив усулда даволаш усуллари ҳақида маълумот берди.
— Юракнинг туғма нуқсонлари – оғир касаллик, — дейди мутахассис. — Бу патология дунёда янги туғилган чақалоқлар ва бир ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари бўйича юқори ўринда туради.
Хасталик ривожланишида онанинг сурункали ёки ўткир инфекцияли касалликлари, вирусли хасталиклар, гормонал ва нейрогуморал омиллар, стресс ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ асосий сабаблар сифатида кўрсатилади.
Шунингдек, ҳомиладор аёллардаги анемия, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, баъзи дорилардан фойдаланиш ҳам ҳомиланинг соғлом ривожланишига салбий таъсир этиши, натижада бола туғма нуқсонлар билан дунёга келиши мумкин.
Касалликдан азият чекаётган кичик ёшли беморларда лаблар, қулоқлар ва тирноқ остидаги терининг кўкариши, терлаш, юракда шовқин, тез нафас олиш, чарчоқ, иштаҳанинг пастлиги, тана вазни ортишининг сустлиги, нафас олиш пайтида қовурғаларнинг сиқилиши, юракнинг тез уриши каби бир неча симптомлар кузатилади.
Ҳозир марказимизда бундай ташхис қўйилган болаларни муолажа қилишда яқин йилларгача фақат илғор хорижий мамлакатларда амалга ошириб келинган мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари кенг қўлланилмоқда.
Жумладан, ўтган йили Президентимиз топшириғи асосида мамлакатимиздаги қатор тиббиёт муассасаларида туғма юрак нуқсони бор 2000 нафар ўғил-қизда давлат ҳисобидан мураккаб операциялар ўтказилди. Уларнинг бир қисми эндоваскуляр усулдаги муолажалар ёрдамида соғломлаштирилди. Бунда марказимиз мутахассисларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Айтиш жоизки, кам инвазив амалиёт жажжи беморларнинг шифохонада қолиш муддатини 2-3 кунга камайтиради. Операция ҳеч қандай кесмаларсиз, томирлардаги 1,5-2 мм тешикчалар орқали ўтказилади. Косметик нуқсонлар қолмай, реабилитация даври 6-9 ойдан 10-15 кунгача қисқаради ва беморларнинг тезроқ оёққа туриши таъминланади.
Ҳозир муассасамизда юраги хаста болажонларимиз шундай юқори технологик операциялар орқали қисқа муддатда оғир дарддан халос бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
